ЕИга аъзо давлатлар Нетаньяхуни ҳибсга олишга мажбур – Боррель
Олам
−
23 Ноябрь
1126Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили Жосеп Боррель Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер бериш қарорини қўллаб-қувватламаган давлатларни ҳукмни ҳурмат қилишга чақирди. Бу ҳақда у X’даги саҳифасида ёзди.
“Бу сиёсий қарор эмас, бу суд қарори”, деди у.
Шу билан бирга, Боррель Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер бериш бўйича ХЖС қарорига кўп овоз берилганига эътибор қаратди.
“Бу овозларнинг баъзилари бугунги кунда жим экани диққатга сазовор”, деди Европа дипломатияси раҳбари.
Боррель Европа Иттифоқи давлатларини ХЖС қарорини қўллаб-қувватлашга чақирди.
“Европа Комиссияси раисининг ўринбосари ва Олий вакил сифатида мен аъзо давлатлардан ХЖCни қўллаб-қувватлашни сўрайман. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар суд қарорини бажаришга мажбур”, дея эслатган у.
Бундан ташқари, Европа дипломатияси раҳбари Европа Иттифоқига номзод давлатлар ҳам ХЖС қарорига риоя қилиш истагини билдирди.
“Агар ЕИга аъзо бўлишни истаганлар ҳозирги аъзолар қилмаган ишни қилишлари керак бўлса, бу жуда кулгили бўлади. Шунинг учун мен ХЖСни қўллаб-қувватлаш учун овозимни кўтармоқчиман”, деди у.
Бундан ташқари, Боррель америкалик сенаторнинг ХЖC қарорига оид баёнотини танқид қилди.
“Бугун эрталаб АҚШ сенаторининг суд жараёни билан ҳамкорлик қилган ҳар қандай давлатга нисбатан санкциялар қўллашини айтганини эшитиб даҳшатга тушдим. Улар халқаро суд билан ҳамкорлик қиладиган ҳар қандай давлатга қарши санкциялар қўллашлари ҳақиқатан ҳам ақл бовар қилмайди”, дейди Боррель.
21 ноябрь куни ХЖC Бош вазир Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни “ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар”да ҳибсга олиш учун ордер берди.
Баъзи давлатлар, хусусан, Венгрия, Австрия, Чехия ва Германия ХЖC қароридан норозилигини билдириб, унга риоя қилмасликлари мумкинлиги ҳақида баёнотлар берди.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия, Канада ва Нидерландия агар Биньямин Нетаньяху мамлакат ҳудудига келса, уни Халқаро жиноий суд ордери бўйича ҳибсга олишини билдирганди. АҚШ эса ХЖС қарорини қоралаган. Кремль воизи Дмитрий Песков эса ХЖС ҳаракати бирор нарсага ёрдам бериши даргумон эканини айтди. QALAMPIR.UZ’нинг Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси эса Ўзбекистон Халқаро жиноий суднинг қарорларини бажаришни ўз зиммасига олмагани, бу тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни ратификация қилмаганини билдирди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Яқин Шарқда урушлар тўхтамагунича Нетаньяхуни мамлакатга ташрифини кутаётгани йўқлиги айтилди.
LiveБарчаси