Ислом Каримовнинг ўғли Татьяна Каримовани судга берди
Жамият
−
13 Июнь 2023
86956Жорий йилнинг 26 июнь куни Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага нисбатан фуқаролик иши кўриб чиқилади. Даъвогар Ислом Каримовнинг Наталья Кучми билан биринчи турмушидан ўғли Пётр Каримов экани айтилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди томонидан эълон қилинган маълумотда келтирилган.
Даъво предмети сифатида ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низо экани кўрсатилган. Биринчи инстанция судида ишни судья Азиз Раҳмонов кўриб чиқади.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, марҳум Ислом Каримовнинг икки никоҳдан уч фарзанди бор. Катта ўғли Пётр Каримов ҳозир Москва вилоятида яшайди. Ўз вақтида “Asia-Invest Bank” бошқаруви раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Россиянинг Красногорск шаҳрида хотинини калтаклаганликда гумонланиб, ушланган Пётр Каримов мерос бўйича судда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келмоқчилиги айтилган эди.