Ислом Каримов қурдирган Ҳазрати Имом мажмуаси реставрация қилинади
Жамият
−
16 Апрель 12649 2 дақиқа
Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуаси таркибига кирувчи бир қатор тарихий обидалар реставрация қилинади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий эксперт кенгашининг жорий йилнинг 9 апрель куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Зарқайнар кўчасида жойлашган Абу Бакр Каффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Намозгоҳ ва Тиллашайх масжидлари бўйича тақдим этилган реставрация лойиҳалари кенгаш аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, бир овоздан маъқулланган.
Қўшимча қилинишича, лойиҳаларда ёдгорликларга зиён етказилмаслиги кафолатланиши ва девор таги тўшамаси махсус оби ғишт – 250×250×50 ўлчамдаги хумдонда пиширилган мусулмон ғиштидан фойдаланиш шарти билан тасдиқланган.
Мазкур ишлар бўйича ижро ва назорат Маданий мерос агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва “Маданий мерос илмий-тадқиқот институти” давлат муассасасига юклатилган.
Шунингдек, Навоий вилоятидаги Қизилтепа тарихий музейини таъмирлаш ва Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида жойлашган Манак ота зиёратгоҳида мақбара ҳамда ёрдамчи бинолар қуриш лойиҳалари ҳам кенгаш томонидан маъқулланган.
Маълумот учун, Ҳазрати Имом мажмуасига дастлаб Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, 2007 йил бошида Ислом Каримов фармони билан Ҳазрати Имом жамоатчилик жамғармаси ташкил этилиб, Ҳазрати Имом мажмуасининг тарихий қиёфасини қайта тиклаш мақсадида қурилиш, таъмирлаш ва ободончилик ишлари олиб борилган. Мажмуа ўз ичига Мўйи Муборак мадрасаси, Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон мадрасаси, Ҳазрати Имом жоме масжиди, Тиллашайх масжиди ва Имом ал-Бухорий Ислом институтини қамраб олган. Қолаверса, мажмуа қайта тикланган йили таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) пойтахтни “Тошкент – ислом маданияти пойтахти”, деб эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Ҳазрати Имом даҳасида дарахтларга қарши тозалаш ишлари олиб борилгани ҳақида хабар берилганди.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь