Ислом олами Исроил режаларини барбод қила олади – Эрдўған
Олам
−
16 Сентябрь 10174 4 дақиқа
Исроил Яқин Шарқ минтақасида беқарорлик ҳудудини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 15 сентябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Доҳада бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ва Араб давлатлари лигаси (АДЛ)нинг қўшма саммитида сўз очди.
“2023 йилнинг 7 октябридан бери Исроилнинг Ғазода амалга ошираётган геноциди муносабати билан биз Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигасининг фавқулодда саммитларини ўтказдик. Бу саммитларда биз бутун дунёга Исроилнинг кучайиб бораётган тажовузи минтақамизда шошилинч тўхтатилиши керак бўлган таҳдид эканини баён этдик. Биз кўп бор таъкидлаганмизки, террор билан қувватланадиган бу бузуқ тафаккур халқаро барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солмоқда”, деди у.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, Исроил Фаластиндан сўнг Ливан, Яман, Эрон ва Сурияга ҳам ҳужум қилган. Унинг сўзларига кўра, Исроил Тунис қирғоқлари яқинидаги фуқаро кемаларига ҳам нишонга олган, сайланган сиёсатчилар ва давлат арбобларига суиқасдлар уюштирган. Энди эса у воситачи Қатарга ҳужум қилди.
“Сўнгги ҳужум Исроил босқинчилигини янги босқичга кўтарди. Шу муносабат билан, мен бугунги Доҳадаги саммитни жуда муҳим ва аҳамиятли деб ҳисоблайман. Жаҳон ҳамжамияти бу учрашувни ислом оламининг Қатарга берган мутлақ қўллаб-қувватлови сифатида кўриши керак. Бугун қабул қиладиган қарорларимиз самимий ҳис-туйғуларимизни ёзма равишда яна бир бор дунёга етказишига ишонаман”, деди у.
Эрдўған Қатар Амири шайх Тамимнинг доно ва қатъий раҳбарлиги остида юзага келган инқирозга муносиб тарзда жавоб бераётганини қониқиш билан қайд этди:
“Яна бир бор таъкидлайманки, Туркия дўсти ва иттифоқдоши Қатарни ҳар доим қўллаб-қувватлайди”.
“Ислом олами Исроилнинг экспанционистик режаларини барбод қила олади”
“Шубҳасиз, Нетаньяху ҳукуматининг асосий мақсади – бир томондан Фаластинда оммавий қатл ва геноцидни давом эттириш, иккинчи томондан бутун минтақани бетартибликка тортиш”, деди Эрдўған.
Президентнинг таъкидлашича, минтақа “террорга асосланган, тартибсизлик ва қондан қувват оладиган мафкура ҳамда уни амалга ошираётган давлат” билан дуч келяпти.
“Бу мафкура БМТ Низомини очиқдан-очиқ бузмоқда ва халқаро ҳуқуқ ҳамда қоидаларга асосланган тизимга чақириқ ташламоқда. Жазосиз қолгани сабабли мавжуд бўлиб турибди. Сўнгги пайтларда айрим исроиллик сиёсатчилар “Катта Исроил” ҳақидаги ахмоқона даъволарни кўп такрорламоқда. Исроилнинг қўшни давлатларни босиб олишга уринишлари ана шу мақсаднинг очиқ кўринишидир. Ислом оламида Исроилнинг экспансионистик режаларини барбод қилиш учун етарли ақл-заковат ва имконият мавжуд”, деди Эрдўған.
“Исроилни қўллаб-қувватлаганлар ҳам мажбур бўлди”
Эрдўғаннинг таъкидлашича, Нетаньяхунинг оммавий қатлиомлар тўри энди унинг тарафдорларига ҳам қимматга тушмоқда.
“Қатарга қилинган бепарво ҳужумларга жавобан Исроилни шартсиз қўллаб-қувватлаб келганлар ҳам реакция билдиришга мажбур бўлди. Айрим давлатларнинг Фаластинни давлат сифатида тан олиш ниятини эълон қилиши, шубҳасиз, ижобий қадамдир. Бироқ бу қадамлар кучли санкциялар билан қўллаб-қувватланмаса, амалга ошиши қийин бўлади. Биз Исроилга нисбатан санкцияларни кучайтириш учун дипломатик ҳаракатларни кучайтиришимиз ва халқаро ҳуқуқ механизмларидан фойдаланиб, исроиллик раҳбарларни суд олдида жавоб беришга мажбур қилишимиз керак”, деди Туркия Президенти.
“Исроилга иқтисодий босим зарур”
“Биз яхши биламизки, Исроил кучли реакция ва санкцияларсиз яқин муддатда тўхтамайди, аксинча ўзининг босқинчилик ва беқарорлик сиёсатини тезлаштиради”, деди Эрдўған.
Унинг таъкидлашича, бунга тўсқинлик қиладиган имкониятлар мавжуд. Энди айрим соҳаларда ўз-ўзини таъминлашга эришиш шарт. Бу, аввало, мудофаа саноати ва ривожланиш соҳаларига тааллуқли. Эрдўған келгуси ўн йилликларда ютуққа эришиш учун бу соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини айтди.
Президент Исроилга иқтисодий босим ўтказишни ҳам чақирди:
“Аввалги тажрибалар бундай қадамлар самара берганини кўрсатади. Туркия бир ярим йилдан бери Исроил билан барча савдо операцияларини тўхтатган. Шундай қилиб, биз йилига 9,5 миллиард доллардан воз кечдик”.
Конкрет қадамлар ва механизмлар
Эрдўған Исроилга қарши Халқаро судда қўзғатилган геноцид ишини қўллаб-қувватлаш жуда муҳимлигини таъкидлади.
“Минтақада хавфсизликни таъминлайдиган аниқ қадамлар ва механизмларни ҳамкорликда амалга оширишимиз лозим. Бу жиҳатдан Ислом ҳамкорлик ташкилоти имкониятларига ишонаман. Биз 1967 йилги чегаралар асосида шарқий Қуддус пойтахтига эга, ҳудудий яхлит Фаластин давлати тузилмагунича қатъият билан курашни давом эттирамиз.
Бу улуғвор ишда депортацияни ҳам, геноцидни ҳам, бўлинишни ҳам қабул қила олмаймиз. Саммит ва қабул қиладиган қарорларимиз Исроил таҳдидини тўхтатишга қаратилган қўшимча чоралар кўрилишига хизмат қилади ва натижаларимиз тўлиқ амалга ошишига умид қиламан”, дея хулоса қилди Ражаб Тойиб Эрдўған.