Инвестиция вазирлигининг вилоят ва туман бўлимлари тугатилади
Жамият
−
18 Декабрь 2023
9128Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг вилоят ва туман бўлимлари тугатилади. Бу ҳақда бугун, 18 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Видеоселекторда жаҳонда рўй бераётган ўзгаришлар ҳисобига иқтисодиёт учун зарур бўлган хомашё ва маҳсулотлар нархи, уларни етказиб бериш харажатлари беқарорлиги таъкидланган.
“Маҳсулотларимиз нарх жиҳатдан рақобатбардош бўлишини истасак, энг аввало, ўзимиздаги хомашёни чуқур қайта ишлаб, тайёр сифатли маҳсулотларни кўпайтиришимиз шарт ва зарур”, деган Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ҳозирги тизимини қайта кўриб чиқиб, ҳудудларда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспорт масалаларини Савдо-саноат палатасига ўтказиш зарур.
Билдирилишича, бу орқали лойиҳа қилиш ва экспорт тизими давлатдан тадбиркорлар ўзини-ўзи бошқарадиган ташкилотга ўтказилади. Бу тадбиркорларнинг талаб ва истакларига қулоқ солиш, улар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, муаммоларини ҳал қилиш мақсадида қилинмоқда.
Таъкидланишича, эндиликда ҳудудларда Инвестиция вазирлигининг вилоят ва туман бўлимларининг вазифалари билан Савдо-саноат палатасининг лойиҳа қиладиган ва экспортга кўмаклашадиган мутахассислари шуғулланади. Бундан ташқари, Экспорт агентлиги ва жамғармаси, “Ўзбекэкспертиза” ташкилоти ҳам Савдо-саноат палатаси тизимига ўтади.
Ишлаб чиқариш, экспорт ва брендларга бериладиган грант, субсидия ва бошқа имтиёзлар палата орқали эгасига очиқ-ошкора ва шаффоф бериладиган тизим жорий қилинади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь