Интерпол қидираётган икки ўзбекистонлик аёл Туркияда қўлга олинди
3-саҳифа
−
11 Январь
9825Ўзбекистонда одам савдоси жиноятида гумонланиб, Интерпол томонидан қизил билдиришнома билан қидирувга берилган икки аёл – Дилноза Умарова ва Мавлуда Ўлмасова Туркияда қўлга олинди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.
Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқоянинг маълум қилишича, Истанбулда ўтказилган “Қафас-30” операцияси чоғида Интерпол томонидан қизил билдиришнома ва 6 давлат томонидан қидирувга берилган 10 киши қўлга олинган.
Унга кўра, Истанбул полиция бошқармаси Иммиграцион контрабанда бўлими томонидан 46 гуруҳ ва 117 ходим иштирокида Эрон, Жанубий Корея, Сурия, Хитой, Ўзбекистон ва Швейцария томонидан Интерпол қизил билдиришномаси чиқарилган 10 кишига қарши “Қафас-30” операцияси ўтказилган.
Унда Швейцарияда фирибгарлик учун қидирувда бўлган Тайгуо Лиу, Эронда фирибгарлик учун қидирувда бўлган Париа Гасеми, пул ювишда айбланган Омид Алагҳи, фирибгарлик учун қидирувда бўлган Реза Фахр Аттар, фирибгарлик учун қидирувда бўлган Эдрис Моради, Жанубий Кореяда қимор ўйнагани учун қидирувда бўлган Тае Йонг Сунг, Сурияга муҳожирлар контрабандаси билан шуғуллангани учун қидирувда бўлган Али Абоуег, Хитойда муҳожир контрабандаси учун қидирувда бўлган Хин Ан, Ўзбекистонда одам савдоси билан шуғулланган Дилноза Умарова ва Мавлуда Ўлмасова қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни Интерпол томонидан қизил билдиришнома билан “Халқаро одам савдоси” жинояти доирасида қидирувга берилган, халқ орасида “Мадам Клод” тахаллуси билан танилган, 1989 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Мирханова Нилуфар Абдураимовна Туркиянинг Чаноққалъа вилояти Айважик туманида ушланган эди.
Кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида бир қанча жиноятлар содир этиб қидирувга берилган яна 7 нафар Ўзбекистон фуқаролари қўлга олингани очиқланди.
LiveБарчаси