Индонезияда поезд микроавтобус билан тўқнашиб кетди. Қурбон бор
World
−
10:30 152 2 minutes
Индонезияда Сиантар – Медан йўналишида ҳаракатланган йўловчи поезди микроавтобус билан тўқнашди. Ҳодиса оқибатида микроавтобус ҳайдовчиси ҳалок бўлди, 3 нафар поезд ходими жароҳатланди. Бу ҳақда CNN Indonesia хабар берди.
Маълум қилинишича, йўл-транспорт ҳодисаси кеча, 20 ноябрь куни Шимолий Суматра провинциясининг Сималунгун округи, Тапиан Долок тумани, Синаксак ҳудудида содир бўлган. Поезд Сиантар ва Медан станциялари ўртасида ҳаракатланаётган вақтда микроавтобус билан тўқнашган.
Сималунгун полицияси бошлиғи Ҳендри Баруснинг маълум қилишича, микроавтобус ҳайдовчиси ҳалокат оқибатида вафот этган. Унинг шахси ҳозирча аниқланмаган. Ҳайдовчининг жасади транспорт воситаси ичида қисилиб қолган бўлиб, қутқарувчилар уни олиб чиқиш ишларини олиб борган.
Тўқнашув оқибатида поезднинг 3 нафар ходими ҳам жароҳатланган. Улар Пематанг Сиантар шаҳридаги Мурни Тегуҳ шифохонасига етказилган. Поездда Сиантар станциясидан йўлга чиққан 264 нафар йўловчининг барчаси омон қолган.
Ҳодиса тахминан соат 16:00 да юз берган. Тўқнашувдан кейин поезд локомотиви кучли аланга ичида қолган, микроавтобус эса бир неча километр судралиб кетган ва бутунлай ёниб кетган.
Воқеа жойига ўт ўчириш хизмати, полиция ҳамда маҳаллий аҳоли жалб этилган. Улар ёнғинни ўчириш ва транспорт воситаларини эвакуация қилиш ишларини олиб борган. Айни пайтда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг жануби-ғарбидаги Балужистон вилоятида йўловчи автобуси суюлтирилган газ (LPG) ташиётган юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All