Индонезияда ўрмон ёнғинлари сабаб маймунлар қирилиб кетиш мумкин (фото)

World

−

image_2026-10-16_10-03-52

Индонезияда сўнгги ўн йилликдаги энг кучли ўрмон ёнғинлари сабаб ноёб орангутанлар яшаш жойидан айрилмоқда. Ҳайвонларни қутқариш маркази август ойидан бери 49 та орангутанни қутқарди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, ёнғинлар асосан Борнео ва Суматра оролларидаги ўрмонларни қамраб олган. Улар июль ойида бошланган бўлиб, кучли Эл-Ниньо об-ҳаво ҳодисаси сабаб ноябргача давом этиши мумкин. Индонезия ҳукумати бу ҳақда огоҳлантирган.

Ғарбий Калимантан провинциясининг Кетапанг ҳудудида жойлашган Индонезия ёввойи табиатни тиклаш жамғармаси (YIARI) маркази ҳозирда 90 та орангутанни парвариш қилмоқда. Жамғарма вакили Ҳерибертус Сучиадининг маълум қилишича, сўнгги уч йил давомида марказ йилига атиги 3-5 та орангутанни қутқарган. Бу йил эса августдан буён 49 та жонивор ёрдамга муҳтож бўлган.

Жамғарма ҳаммуассиси Кармеле Льяно Санчеснинг айтишича, ёнғинлар оқибатида орангутанлар нафақат яшаш жойидан, балки озиқ-овқат манбаларидан ҳам айрилмоқда. Ўрмонларнинг қисқариши келгусида уларнинг очликдан нобуд бўлиш хавфини ошириши мумкин.

Фожиа оқибатида айрим ҳудудларни заҳарли тутун қоплаган. Тутун Борнео оролининг Малайзияга қарашли қисмлари, Малайзия яримороли ва Сингапургача етиб борган. Бу эса айрим мактабларнинг ёпилишига ва нафас йўллари касалликлари кўпайишига сабаб бўлган.

Нашрнинг ёзишича, август ойида Сампурна исмли орангутан пальма ёғи ишлаб чиқариладиган плантацияда нафас олишга қийналаётган ва ерда типирчилаётган ҳолатда топилган. Уни қутқаришга уринишларга қарамай, жонивор жорий йилнинг 30 август куни нобуд бўлган. Мутахассислар унинг ўпкасида оғир нафас олиш муаммоларига хос белгиларни аниқлаган.

Индонезияда жорий йилнинг январь–июль ойларида қарийб 202 минг гектар майдон ёнғинлар оқибатида зарар кўрган. Нодавлат ташкилотлар ҳисоб-китобига кўра, кейинги ойларда яна камида 600 минг гектар майдон ёниб кетган. Таққослаш учун, 2015 йилда мамлакатда қарийб 960 минг гектар ер ёнғинлардан зарар кўрган.

Билдирилишича, орангутанларни қутқариш ишлари давом этмоқда. Мутахассислар дронлар ёрдамида ёнғиндан зарар кўрган ҳудудларни текширади, сўнг жониворларни излаб топиб, хавфсиз жойга олиб чиқади. Қутқарилган айрим орангутанлар ёнғин хавфи камроқ бўлган ҳудудларга қайтарилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends