Индонезияда 6,7 магнитудали зилзила бўлди

Олам

image

Индонезияда 16 июнь куни 6,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Асосий ер силкинишидан сўнг кетма-кет бир неча кучли такрорий зилзилалар кузатилди. Бу ҳақда “Euro news” хабар берди.

Ерости тебранишлари Марказий Сулавеси провинциясининг маъмурий маркази бўлган Палу шаҳрида бир дақиқадан ортиқ давом этган кучли силкинишни келтириб чиқарган. Шаҳарда қарийб 400 минг киши истиқомат қилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, зилзила оқибатида айрим ҳудудларда вайронагарчиликлар юз берган. Бир қатор биноларда ёриқлар пайдо бўлган, Сиги округи маъмурий биносининг том қисми қулаб тушган, маҳаллий университет биноларидан бирида ҳам шикастланишлар қайд этилган.

Хавфсизлик мақсадида шифохоналардаги беморлар, жумладан томчилатиб дори олаётган беморлар ҳам кўчага эвакуация қилинган.

АҚШ Геология хизмати маълумотига кўра, зилзиланинг эпицентри Палу шаҳридан 46 километр шарқий-жануби-шарқда жойлашган бўлиб, ўчоғи тахминан 10 километр чуқурликда қайд этилган. Энг кучли такрорий силкинишлар магнитудаси 5,2, 5,0 ва 4,9 га етган.

Маҳаллий ҳокимият аҳолини расмий кўрсатмаларга амал қилиш ва эҳтиёт чораларини кўришга чақирган. Мутахассислар такрорий ер силкинишлари яна бир неча соат давом этиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Индонезия бир нечта йирик сейсмик ёриқлар туташган ҳудудда жойлашгани сабабли мамлакатда зилзилалар ва вулқон фаоллиги тез-тез кузатилади.

Маълумот учун, 2021 йил январь ойида Сулавеси оролидаги Мамуджу шаҳри яқинида содир бўлган 6,2 магнитудали зилзила оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлган, минглаб аҳоли эса такрорий силкинишлардан қўрқиб бир неча кун давомида очиқ осмон остида тунашга мажбур бўлган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июнь куни Филиппин соҳиллари яқинида юз берган зилзила оқибатида 32 киши ҳалок бўлганди, яна 134 киши жароҳатланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Индонезия зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг