Имтиёзлар тартибга солиниши эмас, тугатилиши керак – Бакиров 

Жамият

image

Иқтисодчи Отабек Бакиров “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига берилган имтиёз умумий квотадан чиқарилиши ечим эмаслиги, имтиёзлар бутунлай тугатилиши кераклигини таклиф қиляпти. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида изоҳ ёзган.

“Дипломатия университетига кириш имтиҳонларида максимал балл тўплаганига қарамай, имтиёзхўрлар бюджет ўринларини эгаллаб бўлгани туфайли контрактда ўқиши айтилган талабаларнинг Президент гранти асосида бюджет ҳисобида ўқиши жамоатчилик тарафидан хурсандчилик билан кутиб олинди. Мен ҳам иқтидорли қизлар учун жуда хурсандман. Лекин шу билан адолат тикланди, дейиш ғирт ёлғончилик бўларди”, деган у ўз изоҳида. 

Иқтисодчининг айтишича, муаммонинг илдизи қандай бўлса, шундайлигича қолган. Ҳатто квоталарнинг алоҳидалаштирилиши ёки уларнинг рўйхатини танқидий қайта кўриб чиқиш ҳам ечим эмас.

“Имтиёзлар бутунлай тугатилиши лозим ва бу ишни айтайлик, рамзий маънода Президент мактабларидан бошлаш зарур. Тўрт мучаси соғ, айниқса ўзини иқтидорли деб билганлар имтиёздан фойдаланишдан уялиши керак. Таълим мафкураси ҳам шунинг устига қурилиши зарур”, дея фикр билдирган Бакиров.

Шунингдек, Отабек Бакиров аввал ҳам бу мавзуга кўп марта тўхталганини эслатар экан, олий таълим муассасаларига киришда барча абитуриентлар учун тенг имконият яратилиши зарур эканини билдирган. 

“Темурбеклар мактаби”ми, зулфиячими, мелисанинг ё ўрмончининг боласими, фарқи йўқ. Барчага тенг имкониятлар яратилиши зарур. Яна такрорлайман:
Марҳамат қилиб, рақобатлашинг. Курашинг. Ютинг. Ҳалоли бўлсин. Ютқазинг. Яна курашга киришинг”, дея таъкидлаган иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ сайтида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига кириш учун тестда максимал – 189 балл тўплаган бўлса-да, “Темурбеклар мактаби” битирувчиларининг имтиёзлари сабабли контрактда ўқишга қабул қилинганлар ҳақида видеоматериал эълон қилинган эди. Мазкур видеоматериал кўплаб одамларнинг диққатини тортиб, жамоатчиликнинг муҳокамаларига сабаб бўлганди.

Шундан сўнг, Бош вазир Абдулла Арипов топшириғига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат қабул комиссияси томонидан 189 балл тўплаган бўлса-да, тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинганлар бўйича махсус баён тузилган.

Кўп ўтмай, 189 балл тўплаганларнинг давлат грантида ўқиши бўйича Президент Мирзиёев топшириқ бергани очиқланиб, имтиёздан жабр кўрганлар Президент имтиёзи асосидаги давлат грантида ўқийдиган бўлди.  Шунингдек, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги раиси Мажид Каримов айни пайтда “Темурбеклар мактаби”нинг ҳам квоталарини алоҳидалаштириш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Темурбеклар мактаби Отабек Бакиров 189 балл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг