ЖИДУдаги адолатсизлик қурбонлари Президент гранти асосида ўқишга қабул қилинадиган бўлди
Жамият
−
21 Сентябрь 2023
15528Кеча, 20 сентябрь куни QALAMPIR.UZ сайти кириш имтиҳонларида максимал – 189 балл тўплаб ҳам контракт асосида ўқишга қабул қилинганлар ҳақида видеоматериал эълон қилган эди. “Заринг ё зўринг бўлмаса билиминг бир тийин. Ўзбекистон бу!” деб номланган ушбу видеоматериал юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат қабул комиссияси муносабат билдирди.
Унга кўра, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро муносабатлар” йўналиши (ўзбек гуруҳи)га тўлов-контракт асосида тавсия этилган 5 нафар иқтидорли ва максимал 189 балл тўплаган ёшлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ўқийди.
Улар:
1. Ахатова Азиза Шуҳрат қизи;
2. Абдулвохидова Мухайёхон Лутфулло қизи;
3. Хўжабеков Убайдулло Неъматович;
4. Иргашева Мухлиса Азизбек қизи;
5. Тилаволдиев Санжар Зафаржон ўғли;
“Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг 2023 йил 1 июлдаги 1-сон баёни билан 2023/2024 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шакли бўйича давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқланиб, тасдиқланган қабул параметрларига мувофиқ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро муносабатлар” йўналиши (ўзбек гуруҳи) учун жами 23 та ўрин ажратилган бўлиб, шундан давлат гранти учун 3 та ва тўлов-контракт учун 20 та ўрин ажратилган”, дейилади комиссия муносабатида.
Қайд этилишича, аслида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро муносабатлар” йўналиши (ўзбек гуруҳи)га давлат гранти асосида қуйидаги абитуриентлар:
1. Урозов Хушнуд Нуриддин ўғли – 217,4 балл;
2. Раззаков Сухроб Шарафиддин ўғли – 212,3 балл;
3. Набижонов Адхамжон Олимжон ўғли – 205,2 балл билан тавсия этилган.
“Ушбу абитуриентлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 июндаги ПҚ-4375-сон қарорига мувофиқ “Темурбеклар мактаби” битирувчилари ҳисобланиб,
тўплаган балининг 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёзга эга бўлганликлари сабабли уларда максималл 189 баллдан юқори балл қайд этилган”, деган Давлат қабул комиссияси.
Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг таҳририятга маълум қилишича, Бош вазир Абдулла Ариповнинг топшириғи билан айни пайтда Давлат қабул комиссиясининг барча масъул аъзолари ушбу масалани ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига йиғилган.
QALAMPIR.UZ’нинг “бундан кейин ҳам шундай муаммолар пайдо бўлаверадими?” деган саволига Қабул комиссияси аъзоси, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги раиси Мажид Каримов жавоб берар экан, айни пайтда “Темурбеклар мактаби”нинг ҳам квоталарини алоҳидалаштириш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.
“Шунга ўхшаш кейинги ҳолатларнинг ҳам олдини олиш учун мунтазам ишловчи тартиб ишга тушириляпти. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидан бошқа ОТМда бундай муаммо йўқ. Максимал балл тўплаб ҳам контрактга ўқишга қабул қилинганлар аслида 6 нафар эди. Қорақалпоғистонлик бир талабанинг муаммосини ҳал қилдик. Қалган 5 нафарининг муаммоси эса бугун ёки эртага ҳал бўлади”, деди Мажид Каримов.
Ушбу ҳолат ҳақидаги махсус интервьюларни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.