Қизлар қиз бўлиб туғилганидан нафратланмасин... Жамоатчилик таълимдаги адолатсизликка нима деяпти?

Таҳлил

image

Кеча, 20 сентябрь куни QALAMPIR.UZ сайти кириш имтиҳонларида максимал –189 балл тўпласа ҳам Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинганлар ҳақида видеоматериал эълон қилган эди. “Заринг ё зўринг бўлмаса билиминг бир тийин. Ўзбекистон бу!” деб номланган ушбу видеоматериал ижтимоий тармоқларда фаолларнинг муҳокамаларига сабаб бўлди. 

17 соат ичида ушбу видеоматериални YouTube платформасида 210 мингдан ортиқ фойдаланувчи томоша қилди. 

Масалан, фарғоналик журналист Шарифа Мурод (Мадраҳимова) ушбу видеони “ҳамма кўриши ва фикр билдириши шарт” бўлган материал сифатида кўрсатди.

Адлия вазирининг тил бўйича маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Шаҳноза Соатованинг айтишича, QALAMPIR.UZ’нинг 189 балл тўплаб ҳам ЖИДУга тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган ёшларга тутган микрофони аччиқ реалликни намоён қилмоқда. 

Шаҳноза Соатова: — Ёшларга умидини қайтириб беринг

— Яна ўша мавзу: олий ўқув юртига киришда имтиёзлар! Фақат бу сафар муаммонинг инсоний қиёфаси бор: имтиёз қурбонлари – ёшлар адолатсизликдан кўзига ёш оляпти. Айниқса, қизларга ачиндим. “Мен ўғилдан ўтаман дердим. Шунча ҳаракат қилиб максимал балл олсам ҳам, грантга киролмадим. Ота-онамга 25 миллионлик зарар келтирдим. Ўзимдан нафратландим: шу баллни олганимдан, қиз бола бўлиб туғилганимдан нафратландим!” деяпти бир қиз.

Чунки, бу қиз-йигитларнинг давлат грантида ўқиш ҳуқуқи бошқа бир тоифа – “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига имтиёз қилиб бериб юборилган. Бошқа тоифалардан фарқли равишда ушбу ҳамма шароитларга эга илғор мактаб битирувчилари оддий қишлоқ мактаби битирувчилари билан битта кураш майдонига ташланган. Ёшлар жуда тушкун кайфиятда ва бу кайфият ўз тенгдошларига ҳам юқади, кенг тарқайди.

Ахир, бу ёшлар! Мамлакатимиздаги энг катта қатлам. Уларнинг умидларини бу тарзда олиб қўйиш мумкин эмас. Бунинг ижтимоий-сиёсий оқибатларини катталар яхши тушунишса керак. Ушбу вазиятни ўрганинглар, ўзгартиринглар, ёшларга умидини қайтариб беринглар. Адолат қилинглар!

Блогер Нурбек Алимов бу ҳолатда ҳам қизларга нисбатан адолатсизлик бўлганига урғу берган.

“Орзудаги Ўзбекистонда қизлар қизбола бўлиб туғилганларидан афсус қилмасликлари керак”, деган у ўзининг Telegram каналида.

Таълим ва ёшлар масалалари бўйича фаолият олиб борувчи “Масофатаълим” каналида эса видео илова қилинган тарзда шундай изоҳ жойланди:

“Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига кириш учун тестда максимал — 189 балл тўплаган бўлса-да, “Темурбеклар мактаби” битирувчиларининг имтиёзлари сабабли контрактда ўқишга мажбур бўлаётган қизнинг гаплари.

Мана шу муаммо ҳақида жуда кўп бор гапирилди. Вазирлик ҳам, Билимни баҳолаш агентлиги ҳам, бошқаси ҳам бунга жиддий ёндашгани, муаммони ҳал қилишга уринаётгани кўринмади. 2021-йилларда бўлгани каби яна ёпиқ қозон ёпиғлигича қолишини кутишяпти, шекилли”.

“Davletov.uz” канали эса бу ҳолатни “189 балл тўплаган бўлса-да, “Темурбеклар мактаби” битирувчилари имтиёзлари сабабли контрактда ўқишга мажбур бўлаётган абитуриентлар дардлари”, дея баҳолади.

Facebook фаолларидан бири Мўминжон Мўйдинов эса бу видеога Бобораҳим Машраб сўзи билан изоҳ берган: 

Овсарни сийлаб овлоқда,
Ошини мақтаб товоқда,
Оқилни қийнаб сиртмоқда,
Лойларга қорган дунёсан.

Яна бир фаол Акмалжон Оҳунжонов эса Ўзбекистонда таълим тизими билан боғлиқ бу ҳолатни машҳур “Чўқинтирган ота” асаридаги бир эпизодга қиёслаган.

“Чўқинтирган ота” китоби ва кинофильми бир умр қонунларга риоя қилиб яшаган ва ўз келажагини Америка қонунларига ишониб топширган асли итальян ўликхона раҳбарининг Дон Вито Карлеоне билан суҳбати саҳнаси билан бошланади. Дон Карлеоне нима сабабдан шунча вақт эсламасдан айнан ҳозир менга мурожаат қиляпсан, деган саволига ўликхона раҳбари шундай мазмунда жавоб беради: мен бутун умр қонунларга бўйсуниб яшадим ва бу юртда ўз келажагимни ва фарзандларим келажагини кўрдим, лекин, афсуски, ягона қизимни бир бойнинг ўғли нафсониятига тегиб, уриб-тепиб юзини расво қилиб ташлади. У энди аввалгидай гўзал бўлмайди. Қонунан чора кўриш учун судга бердим, лекин, афсуски, қонунлардаги бойларга нисбатан имтиёз туфайли у жазодан қутилиб қоляпти. Сиздан мен ва қизим учун ижтимоий адолатни тиклаб беришингизни сўрайман”. 

Манабу ўқишга кириш учун максимал 189 балл йиғган, лекин шунда ҳам контракт асосида қабул қилинган ёшларимиз ҳам худди шу аҳволда. Ижтимоий адолатга ва жамиятдаги тенглик тушунчасига ишончлари йўқ. Бу муаммо жамиятнинг жиддий камчилиги, бугун бошқасининг бошига тушса, эртага сиз ёки бизнинг бошимизга тушиши муқаррардир. Ҳукуматимиз ва масъуллар масалага вақтинчалик эмас адолат нуқтаи назаридан ечим топиши лозим”, деган у ўз изоҳида.

Журналист ва ёзувчи Фурқат Алимардон эса 189 балл олиб ҳам давлат грантига эга чиқолмаётганлар ҳақида шундай дейди:

“Бир кун келиб сенинг ҳолингга тўнғизлар йиғлайди, маймунлар кулар... Кеча кимнингдир нега биздан Нобель мукофоти оладиганлар чиқмайди деган саволини ўқидим. Мана, нима учун чиқмаслигига сабаб. Аслида бу юзлаб сабаблардан биттаси, холос”.

Таниқли шоир Нажмиддин Эрматов эса вазиятга муносабатини билдирар экан, “беихтиёр одамнинг йиғлагиси келади...” дея видеога ўз шеъридан иқтибос келтирди.

“Ўзбекистон, авайлагин болаларингни,
Бошин сила қошу кўзи қораларингни.
Бугун омон қолса, эртага улар
Боғлаб қўяр етмиш йиллик яраларингни...

Ушбу ҳолат ҳақидаги махсус интервьюларни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

ЖИДУ Шаҳноза Соатова 189 балл Нажмиддин Эргашев Шарифа Мурод

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг