Ўзинг учун ўл етим – Оилавий коронавирусга чалинган блогер уйда даволанишга мажбур бўлаётганини айтди
Жамият
−
11 Июль 2020
28479Ўзбекистонлик таниқли блогер, Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ўз блогида катта эҳтимол билан коронавирусга чалинганини маълум қилди. У ўзидаги касалликни аниқлаш учун қилган ҳаракатлари бекор бўлгани ва соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликларни айтиб ўтган.
“Ярим кун СЭС эшигида сарғайиб, тест топширолмай қайтдим. Зарилми шу тест менга, бўлди, ўзим учун қарор қилдим, менда катта эҳтимол билан COVID-19”, дейди блогер.
У вирус юқтирган одам билан контактда бўлганини, ҳарорати эса бир неча кундан бери юқори бўлиб турганини айтиб ўтган. Шунингдек, қизи, онаси, укаси ва келинида ҳам касаллик аломатлари кўринганини маълум қилган.
“Контакт бўлган, ҳароратим 4-кун 37-37,5 атрофида ушланиб турибди. Қизим, онам, укам, келиним – ҳаммамиз иситмаладик, онам таъм билмаяптилар, йўталяптилар. Келинимда қаттиқ қуруқ йўтал ва 39 даражагача иситма кузатилди, менда эса фақат тана қақшаб оғриши ва иситма. Тез ёрдам ва поликлиника менда ковид бўлиши мумкин деб фақат масофадан маслаҳат беряпти, лекин тест йўқлиги учун расман Covid деб тан ҳам олмаяпти. Хуллас, бетартиблик ва тизимсизлик. Ўзинг учун ўл етим”, дейди афсус билан Шаҳноза Соатова.
У эндиликда мустақил равишда коронавирусдан даволанишини, чунки тестсиз ҳеч ким уни даволамаслигини айтиб ўтган.
“Covid`дан даволанавераман энди. Албатта, мустақил даволанаман, чунки тестсиз биров мени ковиддан даволамайди, тест топширолмайман, демак ёпиқ доира”, дейди блогер.
Шундан сўнг, у Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиб, ресурларни беҳуда сарфламасликка, чунки улар тегишли одамларни қамраб олмаётганига тўхталиб ўтган.
“Ҳурматли” Соғлиқни сақлаш вазирлиги! Шунча пайт фалонча касал тузалди деб ҳисобот бериб, шундоқ ҳам тузалиб кетаётган одамлар билан статистикангизни бойитдингиз. Яна уларни тантана билан уйига кузатиб ажойиб шоулар қилдингиз. Ўша пайтда ресурсларингизни тўғри тақсимлаб, ҳозир ўзингиз қўллаётган усулни қилсангиз, яъни ёппасига эмас, фақат ўта зарур ҳолларда касалхонага ковид билан зарарланганларни ётқизсангиз бўлмасмиди? Врачларни зўриқтирмай, бошқа ресурсларни ҳам оқилона тақсимлаш бўлмасмиди шу. Кеча ҳаммага, бугун эса ҳеч кимга бўляпти энди.
Бўлди, тестлашни ҳам тўхтатинг, барибир бу тестларингиз на реал аҳволни кўрсатяпти, на керакли одамларни қамраб оляпти. Ресурс увол бўляпти ва тиббиёт ходимлар рискда қоляпти, холос”, дейди Соатова.
У касалликни мустақил даволаш бўйича йўриқнома чиқариб, тарқатишга чақирган. Акс ҳолда интернетдаги турли рецептларни қўллаш давом этишини таъкидлаган.
“Ҳозир, айнан шу кунларда ўзида коронавирус белгиларини сезганлар қаерга бориши, нима қилиши, ўзини ўзи қандай даволаши ҳақида йўриқнома чиқариб тарқатинг. Ҳозир энг кераклиси шу. Чунки аҳоли у ёқда турсин, тиббиёт ҳодимлари ҳам билмаяпти нима қилишни. Интернетда айланиб юрган турли рецептларни тартибсиз қўллашяпти!”, деган блогер.
У шифокорга мурожаат қилиб ҳам барака топмагани, охирида шикоят қилиш билан қўрқитибгина ҳудудий шифокордан дориларни билиб олганини айтган.
“Масалан, уч кун аввал иситмам чиққанида поликлиникага телефон қилдим, у тез ёрдамга қил деди. Call-центр ҳам тезёрдамга йўналтирди, тез ёрдам поликлиникага, поликлиника яна тезёрдамга... Охири телефоним овоз ёзяпти, шикоят қиламан деганимдан сўнг участка врачим телефонда дориларни айтиб турди. Мана аҳвол!”, дейди афсус билан у.
У сўзи сўнггида одамлар тест топшираман деб касаллик тарқатиб юрганини, уларни тўғри йўналтириш кераклигини айтган. Лекин ССВ бу ишни қилишга қодирлигига шубҳа билдириб, шундай деган:
“Ҳамма тест топшираман деб касал юқтириб юрибди бир-бирига ва вақтни ҳам бой беряпти. Одамларга ҳозир, бугун нима қилса, қаерга мурожаат қилса, тўғри ва хавфсиз бўлишини айтиш керак. Айтиш учун ўзинглар биласизларми бу саволларнинг жавобини?”
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15