Заринг ё зўринг бўлмаса билиминг бир тийин. Ўзбекистон бу!
Интервью
−
20 Сентябрь 2023
21180Тасаввур қилинг, сиз олий таълим муассасасига ўқишга топширгандингиз. Тест топшириқларида 100 фоизлик натижа қайд этиб, 189 балл – энг юқори натижа билан ўқишга кирдингиз ҳам. Ҳамма орзу қиладиган натижани қўлга киритган бўлсангиз ҳам барибир давлат гранти асосида эмас, контрактда ўқийсиз. Шундай бўлиши мумкинми? Ўзбекистонда ҳамма нарса мумкин!
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига бу йил ўқишга кирган бир неча талабалар айни шундай муаммо билан мурожаат қилиб, QALAMPIR.UZ остонасига келди. Улар кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган бўлса-да, уларга берилиши керак бўлган давлат грантини имтиёзлилар илиб кетган. Қандай қилиб дейсизми? Бу ҳақда яхшиси уларнинг ўзидан эшитинг.
Ушбу ҳолат ҳақидаги махсус интервьюларни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
“Дастлаб тўплаган балларимиз эълон қилинганда оиламиз билан жуда хурсанд эдик. Чунки мен энг юқори бални тўплагандим. Лекин мандат чиққанидан сўнг “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига контракт асосида қабул қилиндингиз”, деб хабар келди. Буни кўриб ҳаммамизнинг кайфиятимиз тушиб кетди”, дейди Навоий вилоятидан Мухлиса Эргашева.
Гап шундаки, Ўзбекистонда бир қанча тоифа вакилларига – ногиронлиги бўлган шахслар, Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар, болалар маҳаллалари ва оилавий болалар уйлари битирувчилари, шунингдек, васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болаларга, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга, камида 5 йил иш стажига эга хотин-қизларга, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини қўлга киритган абитуриентларга олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзлар берилган. Мазкур имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрлари ажратилган бўлиб, улар оддий абитуриентлардан алоҳида тарзда беллашади ва талабаликка тавсия этилади. Аммо таълим тизимида яна бир имтиёз борки, бу имтиёзга эга чиққанларга ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга топширса, ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, бошқа ОТМда эса 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар берилади ва оддий абитуриентлар, ҳеч қандай имтиёзи бўлмаганлар билан беллашади. Булар – “Темурбеклар мактаби” битирувчилари.
“189 балл Ўзбекистонда энг юқори ўтиш бали ҳисобланади. Чунки ўқувчи биронта ҳам хато қилмаган тақдирдагина бу бални тўплай олади. Аммо бу йил ҳам доимгидек максимал бални қўлга киритса-да, бир қанча абитуриентлар тўлов-шартнома (контракт) асосида талабаликка тавсия этилмоқда. Бу адолатсизлик! Фикримча, давлатимиз бу муаммони ҳал қилиш учун бошқа имтиёзлилар қатори “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига ҳам алоҳида квота ажратиб, уларни ўз имтиёздошлари доирасида курашишга чақириши керак. Масалан кириш имтиҳонларида ҳарбийларнинг фарзандларига алоҳида квота ажратилган ва улар фақат ҳарбийларнинг фарзандлари билан курашади. Улар биздек оддий оила фарзандларига ҳалақит қилмайди. “Темурбеклар мактаби”ни битирганлар ҳам шундай қилиши керак аслида”, деган Фарғона вилояти Қўқон шаҳридан Санжарбек Тилаболдиев.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига бу йил ўқишга топширган ва энг юқори бални тўпласа ҳам тўлов-шартнома асосида ўқиётган бошқа бир талаба –Андижон вилоятидан Муҳайё Абдувоҳидова эса бу ҳолатдан ғазабда эканини яшириб ўтирмади.
“Тўғриси, менга оддий оиланинг фарзандисан, ҳеч қандай имтиёзинг йўқ, сен Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга киролмайсан, деб айтишарди. Мен эса максимал даражада тайёрланаман, албатта, грант асосида ўқишга кираман, деб жавоб қайтарардим. Аммо, афсуски, улар ҳақ бўлиб чиқди. Мен максимал балл тўпласам ҳам барибир контрактда ўқияпман. Мен қиз боламан,“Темурбеклар мактаби”да ўқиёлмайман. У ерда фақат йигитлар ўқийди. Хўш, мен нима қилай? Оддий оиланинг фарзандиман. Ҳеч қандай имтиёзим йўқ. “Темурбеклар мактаби” битирувчилари ўғил бола бўлгани учунгина давлат гранти квотамни олиб қўйди, деб ҳисоблайман”, дейди алам билан Муҳайё.
Ўзи кириш имтиҳонларида максимал бални қўлга киритганлар кўп эмас. Атиги 61 нафар. Аммо “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига ОТМга ўқишга киришда 15 фоиз қўшиб берилиши ҳисобига мазкур мактабнинг айрим битирувчиларининг имтиҳон баллари имтиёзлар билан бирга амалда тўплаш мумкин бўлган энг максимал 189 баллдан ҳам ошиб кетади ва мана шу энг юқори баллни қўлга киритган имтиёзсиз, оддий абитуриентларнинг грантларини олиб қўяди.
Ва бу ҳолат биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Аммо имтиёзсиз абитуриентлар энг юқори бални қўлга киритиш учун озмунча меҳнат қилмаган. Улар неча-неча кунларни уйқисиз, оч ўтказишга мажбур бўлган. Хўш, уларнинг айби нима? Харбийнинг боласи бўлмагани ё “Тумурбеклар мактаби” эмас, оддий қишлоқ мактабида ўқиганими?
“5 йилдан кўпроқ вақт давомида, 7-синфдалигимдан мустақил равишда тарих фанидан тайёрландим. Шу фандан жорий йилги олимпиада иштирокчисиман. IELTS сертификатим бор, она тили фанидан ҳам 3 йил давомида Билимлар беллашуви иштирокчисиман. Бунча бални тўплаш учун туну кун ўқиш керак. Соғлиқдан, молиявий томондан, албатта, муаммолар бўлади. Бу депрессияга олиб келади. Энг ёмони оилангизнинг шароитини кўриб турасиз ва пул сўрашга мажбур бўласиз...” дейди кўзларида ёш билан жиззахлик Азиза Аҳадова.
Шу йилнинг 23 август санасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “2023/2024-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари якунлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтган эди ва унда журналистлар 189 балл олган абитуриентларнинг контракт асосида ўқишга қабул қилингани ҳақида масъулларга юзланган эди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги раҳбари Мажид Каримов шундай деганди:
“189 энг максимал балл, бу бални олган ҳеч қайси абитуриент эътибордан четда қолмайди. Бу масалани давлат комиссияси ҳам кўради. 189 балл олиб контрактга кирса, бу жуда катта муаммо. Бу ўрганилади. Балки “Темурбеклар мактаби” ҳам алоҳида параметрга киритилар. Бу қизларимиз баланд балл олиб, ноҳақликка дуч келди, дегани эмас. Биз ҳам бу нарсани таҳлил қилиб, давлат комиссиясига таклиф сифатида киритамиз”.
Шунингдек, анжуманда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг қабул жараёнларини ташкил этиш бўлими бошлиғи Абдусамат Маманазаров максимал балл олган абитуриентларга Президент гранти берилиши ҳақида маълумот берганди.
“Ҳар йили энг юқори натижа қайд этган 200 нафар абитуриентларга Президент гранти берилади. Бу бўйича таҳлиллар олиб бориляпти. Албатта, 189 балл олган абитуриентлар ажратилган квоталарга тушса керак. Сабаби ҳозир таҳлиллар ўз якунига етмади”, дейди Абдусамат Маманазаров.
Унинг бу гапга ишониб вазирлик эшигига борган талабаларнинг умиди пучга чиқди. Мана ярим ойдирки, на Президент грантидан умид бор ва на масъуллар айтган эътибордан.
Абитуриентлардан бирининг устози Тўлқин Рўзматов бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га шундай деди:
“Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низомга кўра олий таълим муассасаларига қабул барча учун (ҳам грантлар, ҳам тўлов-контракт бўйича) тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар тест баллари рейтинги асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эга.
“Мен ҳуқуқушунос эмасман”, лекин бу ерда кўрсатилган нормада камчилик мавжуд ва белгиланган “тенг ҳуқуқлилик”, принципи ишламаяпти. Чунки, бу ерда назарда тутилган энг юқори балл имтиёзлар орқали ҳам вужудга келиши ҳам мумкин. Гапнинг “ўғил боласи”: ҳаммани бошини бундай оғритмасдан имтиёзларни бекор қилиш керак. Тамом”.
Бугун бу талабалар ўзлари билан содир бўлган ишни адолатсизлик, деб атамоқда. Уларнинг айтишича, Ўзбекистонда бу ҳолат давом этар экан оддий мактаб битирувчиларининг ўқишга қизиқиши сўниб кетади. Улар таълимдаги тенгликка, адолатга ишонмай қолади ва тезроқ мамлакатни тарк этиш ҳақида бош қотиришни бошлайди.
“Мен қиз бола бўлиб туғилдим. Лекин ёшлигимданоқ ота-онамга ортиқча муаммо келтирмасликка ҳаракат қилдим. Катта бўлсам уларга наф келтирадиган қиз бўламан, ҳар қандай ўғилдан ўтаман, дердим. Аммо мана, уларга ҳар йиллик 25 миллион зарар келтирадиган бўлдим. Тўғриси, ўзимдан ўзим нафратланиб кетяпман. Шу ўқишга топширганимдан, шу бални олганимдан ва қиз бола бўлиб туғилганимдан!” деди афсус билан Муҳайё Абдувоҳидова.
Маълумот учун, Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасаларига кириш учун жами 43 та турдаги имтиёз бор.
Янги ўқув йилида талабалик олтин дамларининг илк кунларини ўқув хоналари, кутубхоналарда эмас ютуғини “Темурбеклар мактаби”нинг имтиёзлилари олиб қўйгани учун вазирликма вазирлик, идорама идорага чопиб ўтказаётган бу талабаларнинг дардига қулоқ соладиганлар борми? Агар бир абитуриентга бериладиган имтиёз бошқа бир абитуриентларнинг ҳуқуқини бузиб, эътироз келтириб чиқараётган бўлса, балки уни йўқотиш керакдир.
LiveБарчаси