Энергетика вазирининг Отабек Бакиров устидан шикояти қайта кўриб чиқилади
Жамият
−
29 Апрель 7992 2 дақиқа
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг иқтисодчи Отабек Бакиров устидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига киритган аризаси қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда бугун, 29 апрель куни иқтисодчи ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг билдиришича, Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалги аризаси бўйича жиноят иши қўзғатиш рад этилганидан кейин бир ҳафта ўтиб-ўтмай, 2024 йил 26 декабрда ўзининг Telegram-каналида эълон қилинган бир неча серияли нисбатан ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний тартибда чора кўришни сўраб Тошкент шаҳар ИИББга шикоят қилган. Мазкур ҳолат бўйича орадан қарийб 14 ой ўтиб, 2026 йил 23 январда Тошкент шаҳар ИИББ жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Лекин маълум бўлишича, 2026 йил 25 март куни Тошкент шаҳар прокуратураси жиноят ишини рад этиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш тўғрисида қарор қилган. Ҳозирда иш Яшнобод ИИБга туширилган.
Бакировга кўра, Мирзамаҳмудов шикоятининг мазмуни “2024 йил декабрь ойида метан “заправка”ларда газ бор-йўқлиги ва навбатлар ҳақида маълумот беради”, дея тақдим этилган Avto24 иловасига билдирилган эътирозлар, шунингдек Тошкент туманида “режага чиқиш учун” “пайдар-пай газ-свет ўчирилишлар” билан боғлиқ.
“Қизиғи, шикоят ва қайта очилган иш яна қарийб 1,5 йил аввалги чиқишлар билан боғлиқ ва ўзгаришсиз жиҳати шундаки, мазкур пост ёзилаётган кунда ҳам свет уч марта, қарийб 4 соатга ўчди”, дейди иқтисодчи.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг декабрь ойида Жўрабек Мирзамаҳмудов Отабек Бакиров устидан Сағбон подстанциясига оид 2023 йилда ёзилган пост бўйича прокуратура ва ИИВга шикоят аризаси киритганди. Бироқ Энергетика вазирининг шикоят аризаси бўйича Тошкент шаҳар ИИББ жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган. Ўшанда Энергетика вазири ушбу пост мундарижасида ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатлари мавжуд, деб ҳисоблаб, бу бўйича Бакировга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилишини сўраганди.
Live
Барчаси