Имрон Хон таҳдид қилди. Фуқаролар ҳукуматга итоатсизликни бошлаши мумкин
Олам
−
06 Декабрь 2024
6841Исломободдаги “Якуний чақириқ” намойиши куч билан тарқатиб юборилганидан икки ҳафта ўтмасдан Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон бутун мамлакат бўйлаб фуқаролик итоатсизлиги ҳаракатини бошлаш билан таҳдид қилиб, курашни давом эттиришга ваъда берди. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
2023 йил август ойидан бери қамоқда бўлган Хон беш кишилик музокаралар гуруҳи тузилганини эълон қилди. Гуруҳ ҳукуматга судланмаган маҳбусларни озод қилиш ва 2023 йил 9 май ва 2024 йил 26 ноябрь воқеаларини текшириш учун суд комиссиясини тузиш талабларини муҳокама қилишни мақсад қилган.
“Агар бу икки талаб қабул қилинмаса, 14 декабрда фуқаролик итоатсизлиги ҳаракати бошланади. Бунинг оқибатлари учун тўлиқ жавобгарликни ҳукумат ўз зиммасига олади. Ҳаракатнинг бир қисми сифатида биз хориждаги покистонликларни пул ўтказмаларини чеклашга ва бойкот кампаниясини бошлашга чақирамиз. Иккинчи босқичда биз ҳаракатларимизни янада кучайтирамиз”, дейилади Хоннинг урду тилидаги постида.
Бу Хоннинг фуқаролик итоатсизлигига биринчи марта чақираётгани эмас. 2014 йилда у ўша пайтдаги бош вазир Наваз Шариф ҳукуматига қарши худди шундай кампания олиб борган ва тарафдорларини солиқ ва коммунал тўловларни тўлашни тўхтатишга чақирган эди.
“Фуқаролик итоатсизлигига чақирув музокараларнинг муваффақияти ёки муваффақиятсизлиги билан боғлиқ, аммо бу жиддий қадамдир. Агар хориждаги покистонликлар, хусусан, Хайбер-Пахтунхвадан бўлганлар пул ўтказмаларини тўхтатса, бу ҳукуматнинг иқтисодий режаларига жиддий таъсир қилади”, деди собиқ федерал вазир Фавад Чаудри “Al Jazeera”га.
Покистон иқтисодиёти чет эл пул ўтказмаларига жуда боғлиқ. Чет элдаги покистонликлар ҳар йили ватанига 30 миллиард долларга яқин пул жўнатади. Давлат марказий банкининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки 10 ойида мамлакатга 28 миллиард доллар жўнатилган.
Маълумот учун, 2018 йил августидан 2022 йил апрелигача бош вазир бўлиб ишлаган Имран Хон парламентдаги ишончсизлик вотуми орқали лавозимидан четлатилган эди. У буни АҚШ ва сиёсий рақиблар тил бириктириб, ҳарбийлар томонидан уюштирилган деб ҳисоблайди. Аммо ҳарбийлар бу айбловларни доимо рад қилиб келади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 ноябрь куни Имрон Хоннинг рафиқаси Бушра Биби бошчилигидаги Покистоннинг собиқ бош вазири озод этилишини талаб қилган намойишчилар Исломободдаги парламент биноси олдида хавфсизлик кучлари билан тўқнашиши оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 50 га яқин киши жароҳатланган эди.
Диёржон Қувондиқов
LiveБарчаси