Имрон Хон судга апелляция шикояти киритди
Олам
−
09 Август 2023
2574Коррупцияда айбланиб, уч йилга қамалган Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон кеча, 8 август куни унга берилган жазо устидан шикоят қилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Айтилишича, Исломобод Олий суди апелляцияни бугун, 9 август куни кўриб чиқади.
Суд давомида Хоннинг адвокатлар жамоаси собиқ бош вазирнинг қамоқхонадаги шароитларини яхшилаш учун Олий судга мурожаат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, 2022 йил апрель ойида парламентдаги ишончсизлик вотуми натижасида ҳокимиятдан четлатилган Хонга бош вазирлик даврида олган давлат совғаларини ноқонуний сотиш ва мол-мулкини яшириш айбловлари ҳам қўйилган. Имрон Хон ўзига қўйилган айбловлар амалдаги Бош вазирнинг уни обрўсизлантиришга қаратилган режасининг бир қисми эканини айтган. Шаҳбоз Шариф эса Хонни ҳибсга олиш суд қарори экани, бунда ҳеч қандай сиёсий таъсири йўқлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 август куни Покистон суди Хонни коррупцияда айбдор деб топиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилганди. Ҳукм ўқилган пайтда собиқ ҳукумат раҳбарининг ўзи судда иштирок этмаган. Суд мажлиси тугаганидан кўп ўтмай, полиция собиқ бош вазирни Лаҳордаги уйида ҳибсга олди.
LiveБарчаси