Илҳом Алиев рафиқаси билан Ўзбекистонга келяпти
Жамият
−
20 Август
8527Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва биринчи хоним Меҳрибон Алиева 22-23 август кунлари Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Манбага кўра, ташриф давомида икки томонлама алоқалар ривожи ва биргаликда қилинаётган ишлар муҳокама қилинади.
Маълумот учун, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 11 йиллик танаффусдан сўнг 2022 йилнинг 21-22 июнь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширганди. 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиш учун Самарқандга келди. Ўша йилнинг ноябрь ойида эса Илҳом Алиев рафиқаси – вице-президент Меҳрибон Алиева билан Туркий тилли давлатлар ташкилотининг Самарқандда ўтган саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.
Ўтган йилнинг август ойида эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёева давлат ташрифи билан Озарбайжонга борди. Ташриф давомида Қорабоғга ҳам борилди ва Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактаб очилди.
8 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Тошкентга етиб келди.
24 ноябрда эса Шавкат Мирзиёев БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммити тадбирларида иштирок этиш учун Бакуга борди. Жорий йилнинг 5 июль куни ҳам Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан ушбу мамлакатга борди.
LiveБарчаси