Илҳом Алиев ҳам Москвага боришдан бош тортди
Олам
−
07 Май 30117 2 дақиқа
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 9 май – Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун Москвага бормайди. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
“Афсуски, Алиев келмайди. Сабаб сифатида унинг Ҳайдар Алиевга (Озарбайжон Республикасининг учинчи президенти. Ҳозирги Президент Илҳом Алиевнинг отаси) бағишланган ички тадбирларда иштирок этиши кераклиги айтилди”, деди у журналист Александр Юнашевга.
Шунингдек, Лаос етакчиси Тхонглуна Сисулитнинг Москвага ташрифи ҳам бекор қилинди. У коронавирусга чалингани сабабли тадбирларда қатнашмайди.
Бунгача Ушаков 9 май куни Москвага 29 давлат етакчиси келиши кутилаётганини айтган эди. Энди Алиев ва Сисулитнинг келмаслиги сабаб бу рақам 27 тага қисқарди.
Москвадаги байрам тадбирларида иштирок этиши кутилаётган давлат раҳбарлари орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Беларусдан Александр Лукашенко, Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Вьетнам Коммунистик партияси Бош котиби То Лам, Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва ва бошқалар бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сербия Президенти Александр Вучичнинг Москвага кетаётган самолёти Шарқий Европадаги кескинлик ва ҳарбий ҳаракатларни ҳисобга олган ҳолда, Москвага парвозни хавфли деб топган ва Бакуга қўнишга қарор қилганди. Ундан олдинроқ эса Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 9 май куни Москвага келишдан бош тортган эди.
Live
Барчаси