Икки вилоятда ер олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар қўлга тушди
3-саҳифа
−
27 Май 2023
4671Самарқанд ва Андижон вилоятларида ер майдонлари олиб беришни ваъда қилган бир неча шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилоятида жойлашган “У.С.” МЧЖ савдо комплекси назоратчиси Ғ.М. тадбиркор А.Э.нинг ишончига кириб, унга ушбу савдо комплекси ҳудудидаги 60 кв метр бўш ер майдонини фирибгарлик йўли билан 40 минг АҚШ долларига сотишга келишиб олган. Шундан 30 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан департамент ҳамда ДХХ ходимлари томонидан ушланган.
Шу каби Андижон вилоятида ҳам фуқаролар M.A. ва С.X. фуқаро И.Д.нинг ишончига кириб, унга Хўжаобод тумани ҳудудидан 1 гектар ер майдонини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 14 минг АҚШ доллари ҳамда 91,6 млн сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Фарғона вилоятида фермер хўжалиги раҳбари 80 минг АҚШ долларига ноқонуний ер сотаётган вақтида қўлга олинганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида 1 гектар ерни фермер хўжалиги раҳбарига 33 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахс ушлангани ҳамда Қашқадарё вилоятида ҳам 1,5 гектар ерни пулламоқчи бўлган шахс 2 минг АҚШ доллари бўнак пули олаётган вақтда қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси