Икки вилоятда сохта ҳужжатли дориларни сотаётганлар ушланди
3-саҳифа
−
13 Март
3998Самарқанд ва Фарғона вилоятларида сифати кафолатланмаган ҳамда тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситаларининг савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, ДХХ ходимлари томонидан Пастдарғом туманида ўтказилган тезкор тадбирда шу ҳудудда яшовчи 1999 йилда туғилган фуқаро давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги сохта сертификат билан Хитойда ишлаб чиқарилган 3600 дона “S-Gen” номли дори воситаларини 46 млн. сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бундан ташқари, унинг яшаш хонадонидан сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 240 дона “ViVaNarin” номли дори воситаси ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Шу каби, ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро умумий қиймати 121 млн. 800 минг сўмлик 2400 дона “Ampitsillin”, 1600 дона “Infera”, 1600 дона “Ферровелл железа гидроксид сахарозный комплекс” ва 125 дона “Гонадотропин хорионический” номли дори воситаларини Наманган шаҳридаги дорихоналарга юбормоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг хулосасига кўра, ушбу дори воситалари ва тиббий буюмлар Давлат реестрига рўйхатга олинмагани, Сертификатлаштириш идоралари томонидан сертификатлар берилмагани ва сақлаш шароитига амал қилинмаганлиги сабабли уларни республика ҳудудида сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланади.
“Ҳолат юзасидан мазкур шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-1-моддаси билан жаримага тортилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ёнидан ноқонуний дори чиққан фарғоналик аёл 4 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Жавоҳир Йўлдашов
LiveБарчаси