Тасвирчини ким дўппослади? ИИВ баҳсли муносабат билдирди
Жамият
−
13 Июнь 2022
14559Жорий йилнинг 11 июнь куни “Севимли” телеканали “Замон” дастури тасвирчиси Т.Иброҳимов журналист билан Ўзбекистон-Ироқ ўйинини ёритиш учун “Пахтакор” стадионига борганида одамлар ўртасидаги муштлашув жараёнида жароҳатланган. Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов телеканал тасвирчисини вазирлик ходимлари дўппослагани ҳақидаги хабарларга жавобан шундай муносабат билдирди. Аммо тасвирчи одамлар орасидаги жанжалдан фуқаролардан калтак еганми ёки орган ходимларидан, бунисига аниқлик киритилмаган.
Ғиёсовнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 11 июнь куни “Пахтакор” стадионида Ўзбекистон-Ироқ футбол терма жамоалари ўйини жараёнида жамоат тартибини сақлашга бириктирилган Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан соат 21:00 дан кейин, стадионда бўш жойлар қолмагани сабабли, фуқароларни стадионга кириши тўхтатилган.
Шу вақтда, Алишер Навоий кўчаси тарафдан стадионга кириш учун ташкил этилган ташқи назорат периметрда айрим фуқаролар норозилик билдириб, стадионга киришга ҳаракат қилиб, жанжал уюштиришган.
Ходимлар томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган безорилик ҳаракатлари зудлик билан бартараф этилиб, бир нечта фуқаролар туман ИИБга олиб борилган.
“Аниқланишича, фуқаролар орасида “Севимли” телеканали “Замон” дастурининг вакиллари ҳам бўлган ҳамда одамлар ўртасидаги муштлашув жараёнида телеканал оператори Т.Иброҳимовга тан жароҳатлари етказилиб, техник ашёлари зарар кўрган. Унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиб шифохонага етказилган”, дейди Ғиёсов.
Шу куни бошқа фуқаролардан тан жароҳати олганлиги бўйича маълумотлар келиб тушмаган.
Ҳозирда, ҳолат юзасидан текширув тайинланиб, жамоат тартибини бузган фуқароларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
“Замон” дастури томонидан эълон қилинган хабарда журналист тасвирчисини ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари аёвсиз дўппослаганини айтганди. Тасвирчи ҳам орган ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида гапирган.
Лекин ИИВ Матбуот котиби фақатгина жамоат тартибини бузган фуқароларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилган. Журналистни калтаклагани айтилаётган ходимларчи, уларни бошқа бир ташкилот аниқлаши керакми? Агар ОАВ ходимларининг калтакланишида “погон”лиларнинг қўли бўлмаса, ИИВ дарҳол бу ёлғон деб чиқмасмиди?
Эслатиб ўтамиз, "Пахтакор" стадиони олдидаги можародан кейин телеканал тасвирчиси дастлаб ИИБга, сўнг "тез ёрдам" машинасида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. Унга жағ-тиш синиши ташхиси қўйилган. Телеканалнинг эълон қилинганидан кўп ўтмай, ўчирилган хабарига кўра, тасвирчини 6-7 орган ходими тепкилаган.
Қайд этиш керакки, бу ИИВ ходимлари қўлига эрк бериши билан боғлиқ сўнгги ойдаги учинчи ҳолат. Дастлаб Самарқандда орган ходимлари қозоғистонлик сайёҳларга куч ишлатилиб, уларни ИИБга олиб борганди. Кейинроқ марказда – Тошкентда икки ёш йигит ва қиз ИИБ ходимлари уларни калтаклаганини айтиб чиқди. Тасвирчи воқеаси эса учинчиси бўлди.
LiveБарчаси