Ўзбекистон-Ироқ ўйини вақтида журналист калтакланди
Жамият
−
12 Июнь 2022
22285Хабарингиз бор, кеча, 11 июнь куни Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида U-23 Осиё кубогининг чорак финали доирасида Ўзбекистон термаси Ироқ миллий жамоасига қарши ўйин ўтказди ва пенальтилар сериясида устун келиб, ярим финалга чиқди.
QALAMPIR.UZ’га етиб келган маълумотларга қараганда, мазкур ўйин вақтида “Sevimli” телеканали оператори оғир жароҳат олган ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган. ОАВ вакиллари орасидаги тасдиқланмаган гап-сўзларга кўра, уни ички ишлар органлари ходимлари калтаклаган.
Мухбиримиз бу маълумотга аниқлик киритиш учун ИИВ Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов билан боғланди. Мутасаддининг аниқлик киритишича, кечаги ўйинга келган барча томошабинларга жой етмагани учун ташқарида қолган фуқаролар можаро чиқарган. Телеканал оператори ҳам шу вақтда жабрланган бўлиши мумкин.
“Фуқаролар кираман деб жанжал қилган. Туман бўлимига калтак еганлардан бирини олиб келишган. У оператор экан. Уни одамлар урган, жанжал орасида қолиб кетган. Ички ишлар ходимлари уни нега урсин?! Ходимлар уни тезда “скорий”га топширган”, дейди Ғиёсов.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда ҳолат бўйича суриштирув ишлари бошланган. Операторни ким калтаклагани ҳам ўрганилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот котиби Фурқат Санаевнинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, оператор йигитга шифокорлар биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатиб, унга жағ синиши ташхисини қўйган. Унга пластик жарроҳга мурожаат қилиш тавсия этилган. Ҳозирча оператор шифокорга мурожаат қилмаган ва айни вақтда уйида бўлиб турибди.
Шунингдек, Ўзбекистон-Ироқ ўйинини ёритиш учун борган Uznews нашри фотомухбири ҳам мухлислар томонидан отилган тошдан жароҳатланган. Тош тегиб, ҳушини йўқотган фотомухбир Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига жўнатилган.
LiveБарчаси