Тошкентда ИИБ ходимлари икки фуқарони калтаклагани айтилмоқда
Жамият
−
10 Июнь 2022
9026Ижтимоий тармоқларда Тошкентда ички ишлар органи ходимлари икки фуқарони аёвсиз дўппослагани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда “Nemolchi” лойиҳаси маълум қилди.
“7 июндан 8 июнга ўтар кечаси икки нафар ходим Йўлдошев Азиз ва Қаҳрамонов Нурабек мени ва бир дугонамни қаттиқ калтаклаб, бурнимни синдириб, кўкрак ва қорнимга тепишди, жинсий зўравонлик билан қўрқитиб, сўкишди ва ҳақорат қилишди. Ва менинг йигитимни ярим ҳушсиз ҳолатда калтаклашди: унинг мияси чайқалган, қон қуйилган, кўплаб қон қуйилган жойлар бор”, деган жабрланувчи аёл.
Ёшларнинг сўзларига кўра, ходимлар уй ёнида турганда уларнинг олдига келиб, ҳужжатларни кўрсатишни сўраган. Сўнг ҳужжатларни текширгач, барибир ИИБга олиб бормоқчи бўлишган. Ёшлар асос йўқлиги сабабли бўлинмага боришдан бош тортганига қарамай, уларни мажбуран машинага ўтқазиб, Мирзо Улуғбек тумани ИИБга олиб кетишган. Қиз телефонида сақлаган видеони ходимлардан бири ўчириб ташлаган. Бўлинмада ёшлар текширилиб, қонунбузарлик аниқланмагани учун қўйиб юборишган.
Бироқ Йўлдошев Азиз ва Қаҳрамонов Нурабек уларнинг телефонларини олиб, қаергадир олиб кетиш кераклигини айтишган. Қиз рад этгач, ходимлардан бири уни мажбуран машинага судраб олиб борган ва юзига мушт тушириб, бурнини синдирган. Қизни ҳимоя қила бошлаган йигитни бир неча марта уришган, қўлига кишан солиб, машинага ҳам ўтқазишган.
Жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, йўлда қиз улар қаерга кетаётганларини сўраганда, орган ходимлари кулиб, жинсий зўравонлик билан таҳдид қилишган. Йигит қизни ҳимоя қилгач, уни машина ичида резина калтак билан уришган. Кейин уни машинадан чиқариб, калтаклай бошлашган. Шу пайт қиз қочиб кетмоқчи бўлган, бироқ ходимлардан бири уни ушлаб, кўкрагига, ошқозонига тепган ва машинага қамаб қўйган.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг Nemolchi лойиҳасига маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, ходимларга нисбатан хизмат текшируви белгиланган.
Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси