Ўзбекистон-Ироқ ўйини вақтида журналист ва тасвирчини орган ходимлари дўппослагани маълум бўлди

Жамият 33315
image

Аввалроқ, U-23 Осиё кубогининг чорак финали доирасидаги Ўзбекистон-Ироқ ўйинини ёритишга борган “Sevimli” телеканали тасвирчиси калтаклангани ҳақида хабар берган эдик. Телеканалнинг “Замон” информацион дастури ҳолат бўйича маълумот берди.

Унда қайд этилишича, телеканал журналисти ва тасвирчини ички ишлар ҳамда Миллий гвардия ходимлари калтаклаган. Етмаганига улардан бу воқеани унутиб юборишни сўраган.

“Кеча 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Ўзбекистон мезбонлик қилаётган Осиё чемпионати плей-офф босқичи бўлиб ўтди. Чемпионатнинг чорак финал баҳсларини ёритиш “Севимли” телеканали “Замон” информацион дастурининг ҳам ижодий режасида бўлган. AFC баҳсларни ёритиш учун аккредитациядан ўтказган. Бунга қадар бўлган ўйинлар ҳам спорт мухбири ва унинг тасвирчиси томонидан ёритиб келинган. Бироқ кечаги ўйин ҳамкасбларимиз учун қимматга тушди.

21:00 лар атрофида (интервью олиш мақсадида) икки ходим “Пахтакор” стадионига бориб орган ходимларининг қаршилигига учраган.

Футболни ёритиш учун берилган махсус рухсатномани кўрсатишларига қарамай: “пресс бўлсанг, бизга н***й. Биз топшириқни бажарамиз...”, деган жавобни олган”, дейилади “Замон” дастури хабарида.

Таъкидланишича, шундан сўнг ижодий гуруҳ ўзининг эътирозларини билдирган ва стадион олдидаги ҳолатни тасвирга олишни бошлаган. Орган ходимлари эса тасвирчининг рухсатномасига чанг солган. Камерасини тортиб олган. Тасвирчининг қўлини орқага қайириб, журналистдан узоқлаштирган.

“Кўз олдида тасвирчини жиноятчилардек олиб кетаётганини кўрган журналист орган ходимларидан қўйиб юборишни талаб қилган. Ходимлар эса унинг ҳам қўлларини қайириб, микрофон ва рухсатномасини тортиб олган.

Журналистнинг расми туширилган рухсатномани эса оёқлари билан босиб ташлаган”, дейилади хабарда.

Журналист “Пахтакор” стадиони олдида содир бўлган воқеани сўзларкан, тасвирчиси, бир гуруҳ орган ходимлари томонидан аёвсиз дўппосланганини урғулаган.

“Фаолиятим давомида биринчи марта шундай ҳолатга дуч келдим. Чунки конфликтга борадиган одам эмасман. Буни мени яқиндан таниганлар яхши билишади. Очиғи, ўша маҳалда ўзимни жиноятчидек ҳис қилдим. Орган ходимларидан бири дабдурустдан микрофонимга ташланди ва уни кимгадир улоқтирда, қўлимни орқага қайирди. Иккинчиси эса камаримдан маҳкам ушлаб олди.

Бир микрофонимга қарайман, бир тасвирчимга. Шу пайт тасвирчимни ерда ётган ҳолатда зарбдан бақираётганига кўзим тушди. 6-7 нафар ички ишлар ходимлари ва бир нафар Миллий гвардия ходими тепкилаётганди. Ходимларнинг бири оёғига дубинка билан урди. Қолгани қорин ва бош қисмига тепди. Қўлларим ушланган, имконсиз қолдим. Фақат “урманглар” деб бақира олдим, холос.

Бу жараён сониялар ичида содир бўлди-ки, нима бўлаётганини англаб-англoлмасдим. Одамлар ОАВ ходимлари тепкиланаётганини тасвирга олаётганди. Кўпчилик олдида изза бўлганимиз, қолди. Қўлларимизни қайириб, Шайхонтоҳур туман ИИБ биносига олиб бориб, навбатчилик қисмига топширишди.

Тасвирчим оғриққа чидолмай, ички ишлар биноси коридорида ерда ўтириб қолди. Мени эса ташқарига чиқариб юборишди. Операторимнинг соғлиги ёмонлашаётганини кўриб, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим. Тиббиёт ходими ички ишлар бўлимида қолдириш хавфли эканини, зудлик билан шифохонага олиб кетиш лозимлигини айтди. Шундан сўнг шеригимни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетишди”, дейди журналист.

Тасвирчи бўлган воқеа ҳақида гапирар экан, дўппослаш вақтида орган ходимлари унга электрошокер қўллаганини, агар нимжонроқ одам бўлса, бунча калтаклашдан кейин ўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмаслигини таъкидлаган.

“Уриб қўлимдаги камерани тортиб олди. Ҳар томонимдан мушт туширди лекин йиқилмадим. 6-7 киши бир вақтнинг ўзида тепкиларди. Шу пайт улардан бири икки марта кўкрак қисмимга электрошокер текказди. Мен йиқилдим. Қолганини аниқ эслолмайман. Танамдаги оғриқ зўридан кўзим олди дам қоронғилашиб, дам хиралашиб... хуллас... Маълум вақт ҳушимни йўқотдим.

Мени шифохонага олиб борганда ҳамкасбларим 102 га хабар бериб, ҳолатни тушунтирган. Аммо мана бир суткаки, улардан дарак йўқ. Менику, жоним омон қолди. Бироқ ўрнимда бошқа “слабийроқ” одам бўлганда, у зарбларга дош беролмай, ўлиб ҳам қолиши мумкин эди. Бир одамнинг тақдирига шу қадар бефарқ қараладими?”, дейди тасвирчи.

Шифокорлар унга жағ-тиш синиши ташхисини қўйган.

Қайд этилишича, тасвирчи касалхонага олиб кетилгандан кейин журналист камера, штатив, микрофон ва рухсатномаларини қайтариб беришни сўраган. Унинг кўз олдида флешкани Тошкент шаҳар ИИББга юборишган ва “ўзинг ўша ердан оласан” дейишган. Бу орада футбол аллақачон тугаб ҳам бўлган. Соат тунги 02:10 ларда мухбир шикастланган камера ва штативни олган. Бироқ микрофон ва рухсатномалар ҳамон қайтарилмаган.

Энг қизиғи, бўлар иш бўлгандан сўнг мухбирдан ички ишлар ходимлари кечирим сўраб, ортиқча гап қилмаслиги ва бирон жойда гапириб юрмаслигини айтган.

“Давлатимиз раҳбари ОАВни тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарган, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик дея бонг урилаётган пайтда журналистлар калтакланиб, уларнинг иш қуроллари чилпарчин қилинса, ҳужжатлари димоғдор ИИО ходими оёқлари остида хор бўлса... буни қандай изоҳлаш мумкин? Бугунги ЖУРНАЛИСТИКАнинг асл ҳолати шундайми? Журналистлар қачонгача хор бўлади? Чинакам журналист ҳақиқатни ёзадиган, инсонлар тақдирига бефарқ қарамайдиган, ҳар қадамда дахлдорлик ҳисини туядиган, қалами ўткир бўлиши керак. Димоғдор кимсаларнинг хўрликларидан сўнг “журналист оғзингни юм” қабилидаги гапларига ҳам Чидаб юраверса ЖУРНАЛИСТИКАнинг ўлгани шу, аслида!”, дея якунланган баёнот.

Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ мазкур ҳолат бўйича ИИВдан аниқлик киритишини сўраганди. Вазирлик матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ОАВ ходимлари одамларнинг жанжали орасида қолган бўлиши мумкинлигини, ИИО ходимлари уларни уриши учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини айтганди. Шунингдек, Ғиёсов ҳолат бўйича суриштирув бошланганини қўшимча қилганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1444
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×