ИИВ раҳбари “фойдасиз” мигрантларни Россиядан қувишга чақирди
Олам
−
12 Июнь 6844 2 дақиқа
Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев мамлакат учун фойдаси йўқ бўлган мигрантларни чиқариб юборишни таклиф қилди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram-каналида эълон қилган видеомурожаатида сўз очган.
Унинг айтишича, иш жойидан айрилган, олий ўқув юртларидан четлатилган, бармоқ изларини топширмаган, рус тилини ўрганмаган ва жамиятга фойда келтирмаётган мигрантлар мамлакатни тарк этиши лозим.
Колокольцев кўчалар ва тураржой ҳудудларида ноқонуний мигрантлар бўлмаслиги кераклигини айтган. Шунингдек, у мигрантлар орасида жиноятчиликка қарши тизимли чоралар кўришга чақирган.
Вазир миграция бўлимларидаги навбатларни бартараф этиш зарурлигини ҳам қайд этган ва ҳужжатларни ўз вақтида, шовқинсиз ва тартибли равишда қабул қилишни таклиф қилган.
Россияда миграция сиёсатини кескинлаштиришнинг янги босқичи 2024 йилнинг баҳорида бошланган. Шу йил бошидан бошлаб, Ички ишлар вазирлиги назорати остидаги шахслар реестри ишга туширилган бўлиб, бу базага мамлакат ҳудудида ноқонуний бўлган хорижий фуқаролар киритилади. Апрель ойидан бошлаб мигрант болаларини мактабга қабул қилишдан аввал рус тилини билиш бўйича тестдан ўтказиш тартиби жорий этилган. Шунингдек, хорижликларга нисбатан махсус депортация режими, киришда қоидабузарликлар учун жарималар, ноқонуний мигрантларга хизмат кўрсатганлик учун жавобгарлик ва исталмаган шахс мақоми каби чора-тадбирлар жорий этилган.
Россияга асосан МДҲ мамлакатларидан мигрантлар келади. 2024 йилда Тожикистондан 128 минг, Ўзбекистондан 107 минг ва Қирғизистондан 105 минг киши Россияга кириб келган. Миграция сиёсатидаги бу кескин чоралар туфайли қўшни давлатлар ўз фуқароларининг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида бир неча бор норозилик билдирган. 2024 йил октябрь ойида Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода Россияга кириш тақиқлари ва депортациялар кўпайганини, бунинг учун хавфсизликни таъминлаш каби умумий ва ноаниқ сабаблар кўрсатилаётганини маълум қилган. Апрель ойида Москвадаги “Бодрость” ҳаммомида ўтказилган антиммиграцион рейддан сўнг Қирғизистон Россия элчисига норозилик нотасини топширган. Ушбу рейдда республика фуқаролари қўлга олинган ва Қирғизистон томони Россияни бундай вазиятларга йўл қўймасликка чақирган.
10 июнь куни эса Ўзбекистон ҳам Россия ҳудудида ўзбекистонликлар устидан ўтказилаётган текширувлар юзасидан хавотир билдирган ва мигрантларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилган. Россия томони Ўзбекистон элчихонасининг нотаси асосида билдирилган маълумотларни диққат билан кўриб чиқишини маълум қилган.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь