Россиянинг Қирғизистондаги элчиси ҳаммомдаги вазият ҳақида гапирди

Олам

image

Аввалроқ, Россиянинг Москва шаҳридаги “Бодрость” номли ҳаммомда Россия махсус мақсадли мобил блоки (ОМОН) мигрантларга қарши рейд ўтказиб, мигрантлар ярим яланғоч ҳолатда эмаклаб юришга мажбурланган, уларнинг аксарияти юзи ерга юзтубан ҳолда ётқизилганди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳаммом мажмуасини режали текшириш ҳеч бир мамлакат фуқароларига қаратилмаганини билдирганди.

Бугун, 18 февраль куни Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов республика аҳолисининг Москвадаги ҳаммомда қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди. Бу ҳақда элчи билан суҳбатда бўлган ТАСС хабар берди.

“Албатта бу вазият Қирғизистон билан муносабатларимизни акс эттирмайди. Мен позицияни эълон қилмоқчиман – келинг, вазиятни кескинлаштирмайлик. Вазиятнинг якуний ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини кутамиз. Шундан кейингина қандайдир хулосалар чиқариш мумкин бўлади. Ростини айтсам, мен буларнинг барчаси одамларнинг эмоционал реакцияси деб биламан”, деган у.

Элчи нашр билан суҳбатда қанчадан-қанча шароитлар яратилган бўлса-да, ҳаммомда ушланган одамларнинг Россияда юриш ва ишлаш учун ҳужжатларини дарҳол қонунийлаштиришга киришмаганини ҳам айтиб ўтди.

14 апрель куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алмаз Имангазиев чет мамлакатда ўз фуқароларининг таҳқирлангани юзасидан Россия Федерациясининг мамлакатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сергей Вакунов билан учрашув ўтказганди. Вазирлик томонидан воқеа бўйича ўрганиш олиб бориб, куч ишлатиш асоссиз бўлган тақдирда, ушбу ҳодиса бўйича Москва шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига нисбатан тегишли чоралар кўриш сўралганди ва расмий нота топширилганди.

Шунингдек, кеча, 17 апрель куни Қирғизистоннинг Омбудсмани Жамила Жаманбоева Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова билан учрашувда икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганди.

“Видео лавҳаларни кўрганда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Қирғиз фуқароларини оммавий ҳибсга олиш чоғида куч ишлатишнинг мутаносиблиги ва асослилиги ҳақида саволлар туғилади. Қирғизистонликларга нисбатан ҳар қандай маъмурий ёки куч ишлатиш чоралари процессуал ҳуқуқлар кафолатлари ва халқаро мажбуриятларга риоя қилган ҳолда қўлланиши керак. Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг тўлақонли аъзоси”, деган Жаманбоева.

Москалькова эса Жаманбоеванинг мурожаатидан сўнг прокуратура ва Россия миграция хизмати ушбу ҳодиса юзасидан текширув бошлаганини айтган.

“Мен бу воқеага аллақачон жавоб берганман ва уни назорат остида ушлаб тураман. Мамлакатимиздаги мавжуд вазият хавфсизликни кучайтиришни талаб қилмоқда. Аммо хавфсизлик чоралари кучайтирилса, ҳалол инсонларнинг ҳуқуқлари поймол қилинмаслиги керак”, дейди Россия Омбудсмани.

Маълумот учун, ҳаммомдаги ушбу текширув жорий йилнинг 10 апрель куни юз берган. Маҳаллий аҳоли вакиллари мигрантлар рус миллатига мансуб кишиларга нисбатан салбий муносабатда бўлганидан шикоят қилган. Шундан сўнг вазиятга ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашган. “Реадовка” манбасига кўра, бир нечта мигрантларга нисбатан Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг “мамлакатга кириш ва унда бўлиш қоидаларини бузиш” моддаси бўйича иш қўзғатилган. Мигрантларнинг норасмий раҳбари эса ҳозирда текширув остида бўлиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг “ноқонуний миграцияни ташкил этиш” моддаси бўйича жиноят иши очилиши мумкин. Оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларга кўра, мазкур ҳаммомга Ўзбекистон ва Қирғизистондан мигрантлар кўп ташриф буюрган. 

15 апрель куни Қирғизистон мигрантларнинг таҳқирланиши бўйича Россияга нота бериши ортидан ўзбекистонлик депутатлар ҳам Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши борасида парламент сўрови юборди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги пойтахт Москванинг Тимирязевский туманидаги жамоат биноларини, шу жумладан қирғизистонликлар дам олаётган ҳаммом мажмуасини режали текшириш айнан қайсидир бир давлат резидентларига қаратилмаганини маълум қилганди. Сўроқ қилиш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига олиб борилган 59 нафар чет эл фуқаросидан 25 нафари мамлакатда иммиграция қонунчилигини бузгани айтилган. Шу сабабли улар қонун доирасида жавобгарликка тортилиши маълум қилинган. Айримлар радикал гуруҳларга мансубликда гумон қилинмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қирғизистон Омбудсман Татьяна Москалькова ҳаммом Сергей Вакунов Жамила Жаманбоева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг