Ўзбекистон ТИВ Россияга нота юборди
Жамият
−
10 Июнь 29214 2 дақиқа
Ўзбекистон Россияда бўлиб турган меҳнат мигрантларига нисбатан куч ишлатар тузилмалар томонидан қилинаётган қўпол, инсон ҳуқуқларига зид ҳаракатлар юзасидан нота юбориб, ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилишини сўради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Россия томони билан ҳар ой миграция масалалари бўйича ўтказиладиган навбатдаги учрашув ташкил этилган.
Учрашувда Россия Федерацияси ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётганини таъкидланган.
“Бундай ҳолатлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларга асло тўғри келмаслиги, уларни олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар зарурлигига эътибор қаратдик”, дейилади ТИВ хабарида.
Расмий ахборотда Ўзбекистон Республикаси хорижда яшаётган ва вақтинча бўлиб турган фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаси, деб билиши урғуланган.
Шунингдек, билдирилишича, ушбу масала юзасидан Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан ҳам Россия томони билан тегишли дипломатик каналлар орқали мулоқот олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон томони барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлашга чақиради.
Шу муносабат билан, Россия Федерациясининг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақириб қоламиз”, дейди ТИВ.
Москвадаги ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан нота юборилиб, Россия ТИВдан ушбу ҳолатга изоҳ бериш ҳамда инсон ҳуқуқлари яққол бузилганлиги акс этганлиги, бу эса қабул қилиб бўлмас ҳолатлиги таъкидланиб, куч ишлатар ташкилот вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани ўзининг доимий назоратида ушлаб туради ва керакли ҳолларда қўшимча чоралар кўришни давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафта бошида ижтимоий тармоқларда Россия пойтахти Москвадаги Мудофаа вазирлиги муассасаларидан бирида хавфсизлик кучлари мигрантларга қарши рейд ўтказгани видеоси тарқалди. Ҳолат жорий йилнинг 8 июнь куни куни содир бўлган. Видеода куч ишлатар тузилмалар ходимлари мигрантларни уриб, тепиб, ҳақоратлаб, бинодан ҳайдаб чиқараётганини кўриш мумкин.
Мазкур вазиятга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ҳам муносабат билдирди. Ваколатхонага кўра, Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Россия Федерациясининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан расмий маълумот кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Москва шаҳридаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси ушбу масалани назоратга олган.