ИИББ жиноятчиликни орзу қилган болани ушлади (видео)
3-саҳифа
−
15 Февраль 13085 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда 15 ёшли боланинг жиноятчиликни орзу қилиб гапирган гаплари акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, жиноятчи бўлишни орзу қилиб юрган ушбу бола шаҳар ИИББ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган. Боланинг шахсига аниқлик киритилган. Бундан олдин ҳам 2024 йилда бола ушбу марказга олиб келингани аниқланган.
“Ўшанда ҳам кўчаларда назоратсиз юрган. Онаси билан алоқага чиқилганда, боласини олиб кетишга имкони йўқлигини билдирган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу видеони ижтимоий тармоқларга жойлаган фуқаронинг шахсига ойдинлик киритилган. Маълум бўлишича, бола кўчада сотувчилик қилиб юрганда, йигит видеога тушиб бериши учун болага 500 минг сўм пул ваъда қилган. Бола эса ушбу шартга рози бўлган. Аниқланишича, бола 2 ойдан бери ота-онасининг қаровисиз қолган ҳамда мактабга жалб этилмасдан кўчада сотувчилик билан шуғулланиб келган.
Ушбу видеони ижтимоий тармоқларга жойлаган шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188 -1-моддаси (вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш) билан БҲМнинг 15 баробари миқдорида жаримага тортилган. Ушбу ҳолат юзасидан боланинг ота-онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) мувофиқ БҲМнинг 25 баробаригача миқдорда жарима солиниши ёки 15 суткагача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида ижтимоий тармоқларда мусиқа фестивалига келган фуқаролар ўзаро жанжаллашгани акс этган видео тарқалганди. ИИО ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланиб, ушбу ҳолатни 5 нафар вояга етмаган фуқаро содир этгани маълум бўлганди.
Live
Барчаси