Тошкентдаги фестивалда жанжаллашган йигитларнинг ота-онасига баённома тузилди (видео)
3-саҳифа
−
07 Сентябрь
8813Ижтимоий тармоқларда мусиқа фестивалига келган фуқаролар ўзаро жанжаллашгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, кеча, 6 сентябрь куни Юнусобод туманида соат 18:00 дан 22:20 ларга қадар бўлиб ўтган тадбирда бир нечта фуқаролар жамоат тартибини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан майда безорилик содир этган.
ИИО ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланиб, ушбу ҳолатни 5 нафар вояга етмаган фуқаро содир этгани маълум бўлган.
“Оқибатда уларнинг ота-онасига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) кўра маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қолган фуқароларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ўтказилган текширув жараёнида фуқаролар тан жароҳати олганлиги ҳақида хабар келиб тушмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятидаги савдо дўконида содир этилган безорилик ҳолати юзасидан икки кишига жиноят иши қўзғатилганди.
LiveБарчаси