Тошкентда 2 нафар ИИББ ходими пора билан қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
03 Март 3628 1 дақиқа
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг икки нафар тезкор ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили ва Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармасининг яна бир катта тезкор вакили келишган ҳолда шахсий бойлик орттиришни мақсад қилган.
Улар Олмазор туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаронинг ёнидан 3 грамм “гашиш” топилгани ҳолати юзасидан уни жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига 2200 АҚШ доллари сўраган. Шунингдек, аввалроқ гумондордан 1000 АҚШ доллари олган.
Тезкор вакил қолган 1200 АҚШ долларини хизмат хонасида олаётган вақтида ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ушланган. Иккинчи ходим ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳар иккала ходимга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ўзини Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходими деб таништириб, муаммони ҳал қилиб бериш эвазига фуқародан 30 минг доллар талаб қилган шахс ушланганди.