Иброҳим Раисий Мирзиёевга шеър ва изҳорларга тўла мактуб йўллади
Жамият
−
22 Март 2023
9121Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга давлат ва ҳукумат раҳбарларидан табрик мактублари келишда давом этмоқда. Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий Шавкат Мирзиёевга шеър ва изҳорларга тўла мактуб йўллади. Мактаб аввали Ҳофиз Шерозийнинг қуйидаги мисралари билан бошланган.
Эсар Наврўз шамоли еллари ёрим кўчасидан,
Ёқ эй кўнгил чироғини истасанг гар мадад ундан.
Этакдан ғам ғуборин қоққани чиққин далаларга,
Кириб гулзор аро ўрган ғазал ёзмоқни булбулдан.
Раисий Мирзиёев ва у орқали Ўзбекистон халқини табиатнинг уйғониши ва хижрий-шамсий 1402 йилнинг бошланиши, қадимий Наврўзнинг кириб келиши муносабати билан чин юракдан муборакбод этишдан бениҳоя мамнунлигини билдирган.
“Баҳор она ер ва табиатнинг ўзгариш палласи, янгиланиш ва қайта жонланиш фасли, тафаккур аҳлининг борлиқ оламнинг улуғвор табиий жилваларидан бирини мушоҳада айлаш воситасида ўз Парвардигорларининг жамолини кўриш томон интилишларидан бир нишонадир. Бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган бой маданият ва цивилизация рамзи ҳамда меҳр-муҳаббатга тўла кўҳна удум бўлмиш Наврўз эса ишқ-муҳаббатни эсга солувчи, ям-яшиллик ва мусаффоликдан хабар берувчи, қалбларни уйғотувчи ҳамда Яратганнинг завол топмас куч-қудратидан белги берувчи бир ҳодисадир.
Кутлуғ Наврўз шарофати билан одамларимизда ва уларнинг қалбларида улкан ўзгаришлар юз беради. Наврўздан илдиз олган азалий тарихий-маданий муштаракликлар воситасида мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро дўстона муносабатларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш орқали халқларимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида қадам ташлаймиз, деб умид қиламан. Бу йўналишда Эрон Ислом Республикаси минтақа ва жаҳонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида Наврўз маданий минтақасининг барча мамлакатлари билан янада кўпроқ ҳамкорлик қилишга тайёрдир.
Қодир Эгамдан Сиз, Жаноби Олийларига соғлик ва муваффақият, дўст ва биродар Ўзбекистон Республикаси халқига эса бахт-саодат ва фаровонлик ато этишини сўраб, янги йилнинг барча учун хайр-баракага тўла бир йил бўлишини тилаб қоламан”, дейилади мактубда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президент Жозеф Байден ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга байрам табригини йўллаган эди.