Байдендан сўнг Цзиньпин ҳам Шавкат Мирзиёевни табриклади
Олам
−
20 Март 2023
9566ХХР раиси Си Цзиньпин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Наврўз байрами муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзбекистоннинг миллий байрами – Наврўз айёми билан Хитой ҳукумати ва халқи ҳамда шахсан ўз номимдан Сизни ва Ўзбекистон халқини чин қалбимдан муборакбод этишдан ғоят мамнунман”, деб бошланган Хитой раҳбарининг табриги.
Цзиньпин ўтган йили сентябрь ойида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифини эслаб, ундаги дўстона музокаралар натижасида мамлакатларнинг стратегик ҳамкорлигини янада ривожлантирувчи, икки халқ манфаатига хизмат қилувчи қўшма баёнот қабул қилингани, давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболлари белгилаб ўтилганини қайд этган.
Бундан ташқари, ХХР раиси Хитой – Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратишини, Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойига режалаштирилган илк “Хитой – Марказий Осиё” саммитида иштирок этиш учун Хитойга келишини кутаётганини ёзган.
“Сиз билан биргаликда Хитой – Марказий Осиё муносабатлари истиқболлари ҳамда мамлакатларимизнинг икки томонлама ҳамкорлигига оид катта режаларини муҳокама этишимиз Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини янада юқори даражага кўтаришига ишончим комил.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик-саломатлик, масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман. Дўст Ўзбекистон халқига бахт ва фаровонлик ҳамиша ёр бўлсин!”, дейилади Цзиньпиннинг табрик мактубида.
Эслатиб ўтамиз, Хитой етакчиси айни пайтда давлат ташрифи билан Россияда бўлиб турибди. Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден томонидан Шавкат Мирзиёевга табрик мактуби йўлланган эди.
Жавоҳир Қадамов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь