Гулнора Каримовага нисбатан янги жиноят иши очилди
Жамият
−
19 Август 2019
19874Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Жиноят ишлари қўзғатилишига халқаро юридик компаниясидан келиб тушган маълумотлар ва фуқароларнинг аризалари асосида тўпланган текшириш ҳужжатлари асос бўлган.
Аниқланишича, Гулнора Каримова бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда, "Қувасойцемент" ва "Бекободцемент" АЖларининг давлатга тегишли бўлган акцияларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олган.
Гулнора Каримова қайд этилган акцияларни чет эл тадбиркорларига сотган ҳамда уларнинг ноқонуний фаолиятига раҳнамолик қилиб, республика манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Бундан ташқари, Гулнора Каримова фуқаролар ва турли компания эгаларини зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, уларнинг мулкини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.
Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди.
Жиноят ишлари бўйича тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз ҳозирда Гулнора Каримова Зангиота туманидаги аёллар колониясида суд томонидан тайинланган жазони ўтамоқда.
LiveБарчаси