Гулистон шаҳри ҳокими ўзгарди
Жамият
−
25 Ноябрь 5561 1 дақиқа
Бугун, 25 ноябрь куни Жамолиддин Хожиманов Гулистон шаҳри ҳокими лавозимидан бўшатилди ва унинг ўрнига Фаррух Ўктамжонов тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Гулистон шаҳрида Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилган. Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган сессия ишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этган.
Эркинжон Турдимов ўз нутқида шаҳарда қатор соҳаларда қолоқликка йўл қўйилаётгани, хусусан, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, экспорт борасида шаҳар биринчи раҳбарининг ҳаракатлари етарли эмаслигини билдирган. Шунингдек, шаҳарни янада ривожлантириш борасида ишга солинмаган имкониятлар ҳақида депутатлар ҳам ўз фикрларини билдирган.
Сессияда ташкилий масала кўрилган. Хусусан, шу кунга қадар шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Жамолиддин Хусниддинович Хожиманов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Депутатлар томонидан шу кунга қадар Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Фаррух Ўктамжонович Ўктамжонов номзоди Гулистон шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сариосиё тумани ҳокими Абдуқодир Донаев лавозимидан озод этилганди ва унинг ўрнига Одилжон Ёқубов тайинланганди.