4 та ҳудудда наркотик тарқатган “закладчик”лар қўлга тушди

Crime

−

image

Ўзбекистоннинг Сирдарё, Навоий, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган тезкор тадбирларда жами 3 килограмм 650 граммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятида ДХХ, Ички ишлар ва Божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда интернет-наркодўконда “закладчик” ва қадоқловчи вазифасида ишлаган 1996 йилда туғилган эркак ҳамда 1998 йилда туғилган аёлнинг Гулистон шаҳридаги ижара хонадони текширилган. Натижада уйдаги иситиш мосламаси ичидан 337 грамм “гашиш” топилган. Шунингдек, улар омбор сифатида фойдаланган бошқа манзилда тарқатиш учун тайёрланган, 65 та кичик бўлакка қадоқланган 208 грамм “гашиш” аниқланган.

Навоий вилоятининг Кармана туманида эса гиёҳвандлик воситаларини “закладка” усулида тарқатиб келган уч нафар шахс қўлга олинган. Улардан 20 грамм “Спайс” синтетик гиёҳвандлик моддаси олинган. Тезкор суриштирув давомида гумонланувчилар туман ҳудудидаги бир нечта яширин жойга яна 542 грамм “Спайс” моддасини жойлаштиргани аниқланган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида парранда гўшти маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи дўкон ишчиси 492 грамм “опий” моддасини сотиш мақсадида сақлаётгани фош этилган. У гиёҳвандлик воситасини майда бўлакларга ажратиб, қадоқлаган.

Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида ўтказилган тадбирда эса 1972 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ушланган. Унинг ёнидаги пакетдан 471 грамм “марихуана” топилган. Тезкор тадбир давомида унинг 1964 йилда туғилган, муқаддам судланган шериги ҳам аниқланган. Унинг автомобилидан 425 грамм, яшаш хонадонидан эса 97 та гугурт қутисига жойланган, умумий оғирлиги 1 килограмм 175 грамм бўлган “марихуана” мусодара қилинган.

Қайд этилишича, барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Янгихаёт ва Яшнобод туманлари ҳамда Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирларда 1,5 килограмм гиёҳвандлик воситаси ва 24 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси мусодара қилингани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends