Грузияда “хорижий агентлар” қонунига қарши чиққан 60 дан ортиқ одам ҳибсга олинди
Олам
−
01 Май
225030 апрель куни кечқурун Грузия пойтахти Тбилисида “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши намойишга чиққан 63 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, намойишчиларни тарқатиш чоғида олти нафар полициячи жароҳатланган.
Намойишчилар парламент биносини тўсиб қўйишга уринганидан сўнг босим бошланган. Полиция махсус воситалардан, жумладан, сув пуркагичлар, қалампир ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. Баъзи гувоҳлар тўқнашувлар оқибатида ўнлаб қурбонлар бўлганини ҳам айтган.
Операция бир неча соат давом этди – полиция намойишчиларни парламент биноси олдидаги майдондан узоқлаштирди, бироқ улар қўшни Руставели проспектида қолишди. Натижада, эрталаб соат тўртлар атрофида хавфсизлик кучлари воқеа жойини тарк этган.
Эътиборлиси, митингни тарқатиш чоғида энг йирик мухолиф – "Бирлашган миллий ҳаракат" партияси раиси Леван Хабеишвилининг бурни синган. Бугун, 1 май куни эрталаб Хабеишвили ногиронлар аравачасида парламентга келди.
Маълумот учун, "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонун лойиҳаси апрель ойининг ўрталарида Грузия парламенти томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Шу билан бирга, Тбилисида мунтазам норозилик намойишлари бошланди. Грузия мухолифати қонун лойиҳаси Россиянинг "хорижий агентлар" ҳақидаги қонунчилигини такрорлашини даъво қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Грузия парламенти “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаганди.
LiveБарчаси
29 Октябрь