Грузияда қозоғистонлик 18 ёшли йигит ҳибсга олинди (видео)
Олам
−
10:18 1999 1 дақиқа
Грузиянинг Имеретия вилоятида 18 ёшли Қозоғистон фуқароси ҳибсга олинди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро А.Д. полиция департаменти ходимлари томонидан гиёҳванд моддаларни катта миқдорда ноқонуний сотиб олиш, сақлаш ҳамда уларнинг реализациясига кўмаклашиш айблови билан қўлга олинган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан гумонланувчининг шахсий буюмлари ва вақтинча яшаш жойида тинтув ўтказилган.
Шунингдек, тергов давомида улар кўрсатган жойлардан далилий ашё сифатида жуда катта миқдорда “метадон” гиёҳванд моддаси мусодара қилинган.
Қолаверса, полиция томонидан гиёҳванд моддаларни қадоқлаш учун зарур бўлган материаллар ҳам олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Грузия Республикаси Жиноят кодексининг 260-моддаси 4-қисмига асосан тергов олиб борилмоқда. Ушбу моддалар 20 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қозоғистонлик 22 ёшли йигит БААда бир қатор оғир жиноятларда айбдор деб топилиб, умрбод озодликдан маҳрум этилганди.
Live
Барчаси