Грузияда қамалган Саакашвили қачон Украинага қайтиши мумкинлиги айтилди
Олам
−
04 Октябрь 2021
6153Украина фуқароси бўлган Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили бутун қамоқ муддатини ўз ватанида ўтказгандан кейингина Киевга қайтиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Грузия Бош вазири Иракли Гарибашвили маълум қилди.
“Биз тўққиз йил Грузия Президенти бўлган одам ҳақида гапираяпмиз. Бу фалокат ва таҳқир: одам ўз хоҳиши билан мамлакатимиз фуқаролигидан воз кечди. Агар у Украинага қайтмоқчи бўлса, буни тўлиқ муддатини ўтагандан кейингина қила олади. Шундан сўнг, хоҳлаган жойига бора олади”, деган Гарибашвили.
Ҳукумат бошлиғининг таъкидлашича, собиқ Президент ўзи жойлаштирилган қамоқхона ходимларидан уни Украинага қайтаришни сўраган.
“У (Саакашвили) зудлик билан Украинага қайтарилишини сўради. Қамоқда ўта оғир аҳволда эканлигини тушунди. У ходимларга: “Мени зудлик билан Украинага қайтаринг!” деб айтди. Одам қанақа аҳволдалигини тасаввур қилинг. У нега келди, нимага келганидан кейин ҳеч нарса бўлмайди, деб ўйлади?” деган ҳукумат раҳбари.
Бош вазирнинг қўшимча қилишича, Саакашвили ўз қамоқ муддатини тўлиқ ўтайди ва ҳукуматда уни қўйиб юборадиган одам топилмайди.
“Мен Саакашвили ўз муддатини тўлиқ ўташини тўла жавобгарлик билан эълон қиламан. Бугунги кунда у олти йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳукм охирги инстанция томонидан чиқарилган. Агар сайёрамиздаги ҳар қандай одам бизга келиб, уни қўйиб юборишни сўраса ҳам, бугун ҳукуматда буни ҳеч ким қилмайди”, деган Гарибашвили.
Ҳукумат раҳбари, шунингдек сиёсатчини афв этишдан бош тортган Грузия Президенти Саломе Зурабишвилига миннатдорлик билдирган.
Аввалроқ, Михаил Саакашвили республикада давлат тўнтаришини амалга оширишни режалаштиргани ҳақида хабар бергандик.
Эслатиб ўтамиз, Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили жорий йилнинг 1 октябрь куни ватанига қайтганида ҳибсга олинди. Бироз ўтиб, у ҳибсхонада очлик эълон қилгани маълум бўлди. Украина Президенти Владимир Зеленский айни вақтда Украина фуқароси ҳисобланган Саакашвилининг Тбилисида ҳибсга олингани ҳақидаги хабардан хавотирда экани маълум қилинди.
Маълумот ўрнида, Михаил Саакашвили 2004-2013 йилларда Грузия Президенти бўлган. Президентлик муддати тугашига оз вақт қолганида у мамлакатни тарк этган. Шундан сўнг, унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, улардан иккитаси бўйича 2018 йилда ҳукм чиқарилган:
• Тбилиси шаҳар суди Саакашвилини 2006 йилда Грузия Бирлашган банки ходими Сандро Гиргвлианининг ўлдирилишида сиртдан уч йилга озодликдан маҳрум қилган;
• ўша йилнинг июнь ойида суд 2005 йилда депутат Валерий Гелашвилининг калтакланиши иши бўйича собиқ Президентни олти йилга озодликдан маҳрум қилган.
LiveБарчаси