Саакашвили Грузияга нима мақсадда келгани айтилди
Олам
−
02 Октябрь 2021
7775Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили республикада давлат тўнтаришини амалга оширишни режалаштирган. Бу ҳақда ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси раиси Ираклий Кобахидзе маълум қилган.
“У Грузияга давлат тўнтариши ва мамлакатда тартибсизликларни келтириб чиқариш учун келган. Шунга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг янги жиноятининг олдини олиш учун барча чораларни кўрди”, деган Кобахидзе.
Ўз навбатида Грузия парламенти спикери Каха Кучава Украина фуқароси Михаил Саакашвилининг ҳибсга олиниши Тбилиси ва Киев ўртасидаги муносабатларга таъсир қилмаслиги ва кескинлаштирмаслигини маълум қилган.
“Ҳеч нарса грузин-украин қардошлик муносабатларини ёмонлаштирмайди. Миллий ҳаракат раҳбарининг ҳибсга олиниши Грузияда провокацияларга ўрин йўқлигига яхши мисол бўлиши керак”, деган Кучава.
Эслатиб ўтамиз, Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили кеча, 1 октябрь куни ватанига қайтганида ҳибсга олинди. Бироз ўтиб, у ҳибсхонада очлик эълон қилгани маълум бўлди. Украина Президенти Владимир Зеленский айни вақтда Украина фуқароси ҳисобланган Саакашвилининг Тбилисида ҳибсга олингани ҳақидаги хабардан хавотирда экани маълум қилинди.
Маълумот ўрнида, Михаил Саакашвили 2004-2013 йилларда Грузия Президенти бўлган. Президентлик муддати тугашига оз вақт қолганида у мамлакатни тарк этган. Шундан сўнг, унга нисбатан тўртта жиноий иш очилган, улардан иккитаси бўйича 2018 йилда ҳукм чиқарилган:
• Тбилиси шаҳар суди Саакашвилини 2006 йилда Грузия Бирлашган банки ходими Сандро Гиргвлианининг ўлдирилишида сиртдан уч йилга озодликдан маҳрум қилган;
• ўша йилнинг июнь ойида суд 2005 йилда депутат Валерий Гелашвилининг калтакланиши иши бўйича собиқ Президентни олти йилга озодликдан маҳрум қилган.
LiveБарчаси