Ғарб ва Украина Россияга қишгача тинчлик режасини таклиф қилмоқчи – “Reuters”
World
−
11:38 591 2 minutes
АҚШ, Украина ва Европа давлатлари вакиллари Украинадаги урушни қишгача тўхтатиш бўйича ягона режа ишлаб чиқиш ва уни Россияга тақдим этиш масаласини муҳокама қилди. Томонлар яқин ҳафталарда умумий таклифни келишиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда музокаралардан хабардор манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.
Манбанинг айтишича, кеча, 9 октябрь куни АҚШнинг Майами шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Россия ва Европа ўртасида узоқ муддатли тинчликни таъминлайдиган янги хавфсизлик тизимини яратиш масаласи кўриб чиқилган. Музокараларда ҳудудий масалалар бўйича ҳам айрим таклифлар муҳокама қилинган. Бироқ манба бу таклифларнинг тафсилотларини очиқламаган.
Олти соат давом этган учрашувда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф, унинг куёви Жаред Кушнер, Украина ва Европа давлатлари вакиллари ҳамда НАТО вакиллари қатнашган.
“Reuters” маълумотларига кўра, музокараларда Украинага АҚШ ва Европа томонидан бериладиган хавфсизлик кафолатлари ҳамда мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган. Томонлар ушбу масалалар бўйича ягона позицияни ишлаб чиқиб, Россияга тақдим этмоқчи.
Аввалроқ, Стив Уиткофф Майамидаги учрашувда Украинадаги урушни қишгача якунлаш йўллари муҳокама қилинганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, музокараларда қишга тайёргарлик, ғалла экспорти, Украинага узоқ муддатли хавфсизлик кафолатларини бериш ва мамлакатни қайта тиклаш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Шу куни, 9 октябрда Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп телефон орқали мулоқот қилган. Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, суҳбат давомида Путин Украина билан музокараларни қайта бошлаш масаласига ҳам тўхталган.
Ушаковнинг айтишича, Путин Россияда Давлат думаси сайлови ўтказилган пайтда Украина томонидан ҳужумлар уюштирилганини важ қилиб, Киев билан музокараларни қайта бошлаш муддатини қўшимча равишда кўриб чиқишини билдирган.
“Сайловларимизни издан чиқаришга уринишлар, овоз беришнинг асосий кунида Москва, бошқа шаҳарлар ва сайлов участкаларига, шунингдек, сайловларни ташкил этиш билан боғлиқ айрим шахсларга дронлар ёрдамида мисли кўрилмаган даражада оммавий зарбалар бериш орқали Киев режими, моҳиятан, музокара жараёнини зудлик билан қайта бошлаш имкониятини барбод қилди”, деган Ушаков Путин номидан.
Россия томони аввал ҳам Украина билан тинчлик музокараларига тайёрлигини бир неча бор билдирган. Путин июнь ойида Москва Истанбулда эришилган келишувлар асосида музокаралар олиб боришга тайёрлигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россия билан ўт очишни тўхтатишнинг тўртта варианти мавжудлигини айтганди.
Live
All