Грузия Украинанинг Саакашвили бўйича талабини бажармоқчи эмас

Олам

image

Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг соғлиғи билан боғлиқ вазият туфайли Киевни тарк этишга буйруқ берилган республиканинг Украинадаги элчиси Гиоргий Закарашвили билан маслаҳатлашувлар ўтказишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазири Илья Дарчиашвили Грузиянинг “Имеди” телекомпаниясига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

“Грузия Ташқи ишлар вазирлиги элчи билан ҳеч қандай маслаҳатлашув ўтказишни режалаштирмаяпти. Айтганча, элчи аллақачон Украина ҳудудини тарк этган, у Грузияга йўл олган”, дейди Дарчиашвили. 

Унинг қайд этишича, агар Украина ҳукумати Михаил Саакашвилининг аҳволи билан қизиқса, унинг соғлиғи ҳақида қайғурса, Грузия элчисини маслаҳатлашувга юбормаслиги, балки бошланган тартибларни якунлаши керак. 

“Улар бизга янги элчи тайинлаш бўйича мурожаат қилишди ва биз дарҳол уларга розилик бердик. Улар қарор қабул қилишлари керак, элчи (Украинадан – таҳр.) бу мамлакатга келиши керак”, дейди вазир.

Вазирнинг аниқлик киритишича, Украинанинг янги элчисини тайинлаш тартиблари “бир неча ой аввал, ўтган йили” бошланган. Дарчиашвили, шунингдек, Грузияда ишлаётган ҳар қандай украиналик дипломат Украина фуқароси сифатида жазо муддатини ўтаётган Саакашвилини зиёрат қилиш ҳуқуқига эга эканини билдирди. 

Маълумот учун, Саакашвили 2013 йилда Грузияни тарк этган, шундан сўнг мамлакатда унга қарши тўртта жиноий иш очилган, шундан иккитасида сиёсатчи сиртдан уч ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2021 йил октябрт ойида Саакашвили Грузияга яширинча келганида ҳибсга олинган. 2022 йил май ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли у Тбилисидаги "Вивамед" хусусий клиникасига олиб ўтилган ва у шу кунгача ўша ерда қолмоқда. Грузия расмийлари Саакашвили қамоқдан чиқиш учун ўзини оғир аҳволда деб кўрсатмоқда, деб ҳисобламоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 июль куни Саакашвили Тбилиси шаҳар судининг 2007 йилдаги митингни тарқатиб юбориш иши бўйича йиғилишида шифохонадан видеоалоқа орқали иштирок этганди. Видеода собиқ президент озиб кетгани кўринади. Кейинроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Ташқи ишлар вазирлигига Грузия элчисига қўнғироқ қилиб, Украина фуқаролигига эга бўлган Саакашвили масаласи бўйича маслаҳатлашиш учун 48 соат ичида мамлакатни тарк этиш ҳақида буйруқ беришни топширди. Грузия Ташқи ишлар вазирлиги Киев қарорини дипломатик муносабатларни кескинлаштириш, шунингдек, суверен давлатнинг ички ишларига аралашишнинг экстремал шакли деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Михаил Саакашвили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг