Грециядаги поездлар тўқнашуви намойишларга сабаб бўлди
Олам
−
02 Март 2023
7387Аввал хабар берганимиздек, Грециянинг Темпи шаҳрида юк ва йўловчи поездлари тўқнашиб кетган, оқибатда одамлар ҳалок бўлган эди. Ҳозирги маълумотларга кўра, 43 кишининг ҳаётига зомин бўлган фалокат ортидан мамлакатда намойишлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, кўпчилик аҳоли бу фожиани кутилган ҳодиса деб баҳолаган. Улар Греция темир йўлларини сақлаш учун масъул бўлган Афинадаги Hellenic Train компанияси штаб-квартираси олдида намойишга чиққан. Полиция кўчаларда тош отган ва олов ёққан намойишчиларни тарқатиш учун кўзни ёшлантирувчи газ ишлатган.
Шунингдек, Ларисса шаҳрида темирйўл станцияси бошлиғи эҳтиётсизлик туфайли одам ўлдиришда айбланиб, қўлга олинган. Бироқ у айбловларни рад этиб, ҳалокатни техник носозлик билан изоҳлаган. Темир йўл касаба уюшмаси аъзолари ҳам хавфсизлик тизимлари тўғри ишламаётгани, бу ҳақда кўп йиллар давомида қайта-қайта огоҳлантириб келинаётганини айтган.
Бундан ташқари, Салоники ва Ларисса шаҳрларида ҳам тартибсизликлар бўлиб ўтган. Ҳукумат намойишчиларни тинчлантириб, мустақил тергов адолат ўрнатишини айтган. Мамлакат бўйлаб уч кунлик миллий мотам эълон қилинган.
Манбага кўра, фалокатга учраган поезддаги 350 нафар йўловчининг кўпчилиги 20 ёшлардаги талабалар бўлган.
“Темир йўл тармоғи эскирган, у ёмон маош оладиган ходимлар билан муаммоли кўринарди. Ҳибсга олинган станция бошлиғи “бутун бир касал тизим” учун жавоб бермаслиги керак”, дейди намойишларда қатнашган талабалардан бири.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ фалокат жойини кўздан кечирган транспорт вазири Костас Караманлис фожиада ўзини айбдор деб топиб, истеъфога чиқишини маълум қилган эди.
LiveБарчаси