Грецияда ҳам намойишлар: 10 минглаб аҳоли бош кўтариб кўчага чиқди

World

−

image

Грецияда минглаб ўқувчи, талаба ва ўқитувчилар таълим учун давлат маблағларини кўпайтириш, мактаб шароитларини яхшилаш ва маошларни ошириш талаби билан намойишга чиқди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 21 октябрь куни Афина маркази ва унинг атрофида полиция маълумотларига кўра, қарийб 10 минг киши тинч намойиш ўтказган. Мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам митинглар бўлиб ўтган.

Намойишчилар синфлардаги ўқувчилар сонини камайтириш, таълим тизимини етарли маблағ билан таъминлаш ва мактаблардаги шароитларни яхшилашни талаб қилган. Улар Франция ва бошқа Европа мамлакатларида яшаш харажатларининг ошиши ҳамда таълим тизимидаги муаммоларга қарши ўтказилаётган намойишларни ҳам қўллаб-қувватлаган.

“Грециядан Франциягача – давлат таълими бепул бўлишини истаймиз”, дея ҳайқирган намойишчилар.

Айрим талабалар Афина марказидаги Синтагма майдонида чодирлар тикиб, намойишдан аввал тун бўйи қолган.

Норозилик намойишлари мамлакатда иш ҳақи, ижара ҳақи ва энергия харажатлари билан боғлиқ муаммолар кучайган бир пайтда ўтказилди. Греция 2009–2018 йиллардаги қарз инқирозидан чиқиб кетган бўлса-да, аҳолининг харид қобилияти ҳамон босим остида қолмоқда.

Маълумотларга кўра, мамлакатда ўртача ойлик маош 1 500 еврони ташкил этади. Бироқ ёшлар, айниқса, йирик шаҳарларда уй-жой ижараси қимматлиги сабабли молиявий қийинчиликларга дуч келмоқда.

Греция таълим вазири София Захараки намойишлардан аввал талабалар мурожаатларини тинглаётганини билдирган. Унинг айтишича, талабалар турар жойларини қуриш ва мавжуд инфратузилмани яхшилаш учун 733 миллион евродан ортиқ маблағга тенг лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Намойишлар вақтида айрим бошланғич мактаб ўқитувчилари ва шифокорлар ҳам иш ҳақи ҳамда ходимлар етишмаслигига қарши иш ташлаган. Бу эса айрим давлат мактаблари ва шифохоналари фаолиятига таъсир кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Португалияда уй-жой нархларининг ошишига қарши минглаб одамлар намойишга чиққани ҳақида хабар берилган эди.

 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends