Поезд ҳалокатидан сўнг транспорт вазири истеъфога чиқди
Олам
−
01 Март 2023
8528Аввал хабар берганимиздек, Грециянинг Темпи шаҳрида юк ва йўловчи поездлари тўқнашиб кетган, оқибатда одамлар ҳалок бўлган эди. Греция Инфратузилма ва транспорт вазири Костас Караманлис мазкур ҳалокатдан сўнг истеъфога чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда Грециянинг ERT телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, Караманлис фожиа содир бўлган жойдан қайтгач, баёнот берган ва истеъфога чиқишини маълум қилган. У 3,5 йил давомида вазиятни яхшилаш учун барча саъй-ҳаракатларни қилгани, афсуски, бундай фалокатнинг олдини олиш учун бу ҳаракатлар етарли бўлмаганини айтган.
“Бунчалик фожиали воқеа содир бўлганда, худди ҳеч нарса бўлмагандек яшашни давом эттиришнинг иложи йўқ. Мен бир неча йилдан бери сиёсатдаман, лекин мамлакатимиз фуқароларининг сиёсий тизимга ишонишини демократиямизнинг зарурий элементи деб биламан. Бу сиёсий жавобгарлик деб аталади. Шу сабабдан мен Инфратузилма ва транспорт вазири лавозимидан истеъфога чиқаман”, деган вазир ўз баёнотида.
Шунингдек, вазир ўз истеъфосини ноҳақ ҳалок бўлган инсонлар хотирасига ҳурматининг минимал белгиси, Греция давлати ва сиёсий тизимининг чексиз хатолари учун жавобгарликни зиммасига олишни эса ўз бурчи деб билишини айтган.
Сўнгги маълумотларга кўра, фожиа оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди. Йўловчи поездида 350 га яқин одам бўлган. Касалхонада 66 киши ётқизилган, улардан 6 нафари реанимация бўлимига жойлаштирилган. Қолганлар жароҳат олмаган ва автобусда Салоники шаҳрига эвакуация қилинган.
LiveБарчаси