Грецияда ҳам болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланди
Олам
−
16:39 281 2 дақиқа
Грецияда 15 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқловчи қонун лойиҳаси парламент томонидан маъқулланди. Тақиқ 2027 йил 1 январдан кучга киради. Бу ҳақда ERT News хабар берди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасини фақат ҳукмрон “Янги демократия” партияси қўллаб-қувватлаган. PASOK партияси овоз беришда бетараф қолган, SYRIZA, “Греция ечими”, KKE, NIKI ва “Озодлик йўли” партиялари эса ҳужжатга қарши чиққан.
Рақамли бошқарув ва сунъий интеллект вазири Димитрис Папастергиу чекловларни зарур ва самарали чора деб атаган. Унинг билдиришича, қонун Европа Иттифоқи қонунчилигига ҳам мос келади.
2027 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий тармоқ платформалари фойдаланувчиларнинг 15 ёшга тўлган ёки тўлмаганини аниқлаши керак бўлади. Бунда “Kids Wallet” номли иловадан фойдаланиш мумкин. Илова фойдаланувчининг туғилган санаси ёки бошқа шахсий маълумотларини ошкор қилмасдан, унинг 15 ёшдан катта ёки кичик эканини тасдиқлайди.
Греция давлат вазири Акис Скерцос болаларни интернетдаги хавфлардан ҳимоя қилишни ортга суриб бўлмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси бўйича мунозаралар парламентда 16 соатдан ортиқ давом этган.
Скерцос Европа комиссияси ҳам 13 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш, 13–15 ёшдагилар учун эса босқичма-босқич чекловлар жорий этиш таклифини билдирганини эслатган. У ота-оналар ҳам фарзандларини интернетдаги хавфлардан ҳимоя қилишда фаол иштирок этиши кераклигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб Туркияда 15 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш тақиқланиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси