Болгария қирғоқлари яқинида Греция кемасига денгиз дронлари ҳужум қилди
World
−
12:30 280 2 minutes
Қора денгизда Болгария қирғоқлари яқинида Либерия байроғи остида ҳаракатланаётган Греция контейнер ташувчи кемасига учта денгиз дрони ҳужум қилди. Бу ҳақда DW хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 28 октябрь куни Болгариянинг иқтисодий зонасида, Шабла шаҳрининг жануби-шарқида, қирғоқдан тахминан 39 километр узоқликда содир бўлган. Contship Jet номли кема Руминиянинг Констанца порти томон йўл олган.
Маълумотларга кўра, денгиз дронлари ҳақидаги хабар мамлакат ҳудуди яқинида Қора денгизнинг ғарбий қисмида парвоз қилаётган Франция денгиз патруль авиацияси самолётидан келиб тушган. Шундан сўнг, Болгария ҳарбий-денгиз кучлари кемадаги барча 18 нафар экипаж аъзосини қутқариш операциясини ўтказган.
Маълум қилинишича, контейнер ташувчи кема Исроилнинг Ҳайфа портидан йўлга чиққан. Ҳозирча ҳужум учун ким жавобгар экани маълум эмас.
Ҳодисадан сўнг Софияда Болгария, Руминия ва Туркия Мудофаа вазирлари ҳамда Қуролли кучлар бош штаблари раҳбарлари иштирокида фавқулодда учрашув бўлиб ўтган. Унда Қора денгизда фуқаролик кемалари ҳаракати хавфсизлиги муҳокама қилинган.
Маълумот учун, сўнгги ҳафталарда Болгария қирғоқлари яқинида камида олтита савдо кемаси ҳужумга учраган. Украина бу ҳужумлар учун Россияни айбламоқда. Болгария Бош вазири Румен Радев ҳам ҳужумлар Россия манфаатларига мос келиши мумкинлигини айтган. Москва эса бу ҳодисаларга алоқадорлигини рад этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қора денгизда, Болгария қирғоқлари яқинида иккита савдо кемасига ҳужум қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All27 October