Кичик болаларнинг катта фожиаси

Таҳлил

−

Reklama
0:00

Дунё ҳар куни юзлаб воқеаларга гувоҳ бўлади. Урушлар, портлашлар, ҳужумлар, қурбонлар…

Лекин баъзан битта сурат бутун дунёни сукутга чўмдиради. Баъзан бир боланинг телефондаги сўнгги овози миллионлаб одамларнинг юрагига етиб боради.

Баъзан эса мактабга кетган бола уйига қайтмайди.
2015 йилда Туркия соҳилида топилган 3 ёшли боланинг сурати. Мактабга бориш ҳуқуқи учун курашгани сабабли отиб кетилган қиз. Ғазода ёрдам кутган 5 ёшли Ҳинд. Украинада ракета зарбасидан ҳалок бўлган 4 ёшли Лиза. Россиядаги мактаб ҳужумида ўлдирилган Қобилжон.

Яқин дақиқалар ичида сиз билан дунёни ларзага солган тақдирлар ҳақида гаплашамиз.

ТИНЧ ҲАЁТ ИЗЛАБ

2015 йил 2 сентябрь куни Туркиянинг Бодрум шаҳри соҳилида кичкина боланинг жонсиз танаси топилди. У  Суриянинг Кобани шаҳридаги фуқаролар урушидан қочаётган 3 ёшли Айлан Курди эди. Айлан ва унинг оиласи Европага етиб бориш умидида Туркиядан Грециянинг Кос оролига денгиз орқали ўтмоқчи бўлган. Аммо улар ўтирган резина қайиқ шиддатли тўлқинлар сабабли ағдарилиб кетган. Фожиа оқибатида Айлан, унинг 5 ёшли акаси Галиб ва онаси Реҳан ҳалок бўлган. Оила аъзоларидан фақат отаси Абдуллаҳ Курди тирик қолган.

Денгиз соҳилида юзтубан ётган жажжи боланинг жасадини биринчи бўлиб Туркия Жандармаси сержанти Меҳмет Чиплак учратган. У кейинчалик берган интервьюсида ўша мудҳиш дақиқаларни шундай хотирлайди

“Болага яқинлашар эканман, ичимда Илоҳо, у тирик бўлсин деб дуо қилдим. Лекин белгиларни текширганимда ҳеч қандай ҳаёт аломати йўқ эди. Уни қучоғимга олганимда, кўз олдимга ўз ўғлим келди. Мен бу оғриқни ҳали ҳам унутолмайман”.

Ўша кунда соҳилдаги жонсиз Айланни​ Дўған Ахборот Агентлиги (Doğan Haber Ajansı) фотомухбири Нилуфар Демир расмга олган. Сурат бир неча соатда бутун дунё бўйлаб тарқалган. Одамлар қочқинлар инқирози ҳақида шунчаки қуруқ янгиликларни ўқиш билан чекланмай, урушнинг бутун даҳшатини бир боланинг тақдири ва кичик танаси орқали кўрган.

Айланнинг отаси учун бу икки фарзанди ва турмуш ўртоғидан бирданига ажралиш, оғир мусибат бўлса бутун дунё учун ушбу расм Сурия уруши, қочқинларнинг ҳаёт-мамот йўллари ва Европага боришга мажбур бўлаётган бегуноҳ оилалар ҳақида кескин, аччиқ саволларни ўртага ташлаган.
​Ўша пайтда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Айланнинг отаси Абдуллоҳ Курди билан телефон орқали боғланиб, ҳамдардлик билдирган.
​Аммо воқеа шу билан тугамади. Орадан тўрт йил ўтгач, Айлан яна энг юқори халқаро минбарда тилга олинди. 2019 йил 24 сентябрь куни Нью-Йоркда ўтказилган БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида Ражаб Тойиб Эрдўған минбарга чиқиб, Айлан Курдининг Бодрум соҳилида туширилган машҳур фотосуратини қўлида ушлаб турган ҳолда нутқ сўзлади.

“Суриялик қочоқларнинг деярли ярми 18 ёшдан кичикдир. Мамлакатимиз ҳудудида туғилган суриялик болалар сони эса 500 мингга яқинлашди. Биз уларга нафақат бошпана, балки таълим, соғлиқни сақлаш каби ҳар қандай имкониятларни тақдим этяпмиз.
Аммо дунё жонларини сақлаб қолиш учун чиққан сафарларида ё Ўрта ер денгизининг қоронғи сувларида, ё чегараларга тортилган тиканли симлар олдида нобуд бўлган миллионлаб мазлумларни афсуски, жуда тез унутди. Айниқса, Айлан Бебекни дунё жуда тез эсдан чиқарди. Унутмангки, бир кун келиб, худди шу ҳолат сизнинг ҳам бошингизга тушиши мумкин. Чунки Айлан Бебеклар бир эмас. Минглаб, миллионлаб. Буларнинг барчасига қарши эҳтиёт чораларини кўришимиз керак”.

​Қисқа қилиб айтганда, Айлан Курдининг сурати уруш ва қашшоқликдан қочаётган, хавфли йўлларда ҳаётини йўқотаётган минглаб одамларнинг умумий рамзига айланди.

Расмий статистик маълумотлар эса ушбу фожианинг кўламини янада очиқроқ кўрсатади. БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги 2017 йилдаги ҳисоботида Айлан ҳалок бўлганидан кейинги атиги икки йил ичида Ўрта ер денгизидан ўтишга уринган камида 8 500 киши ҳалок бўлгани ёки бедарак йўқолгани ҳақида маълум қилди. UNICEF, БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги ва Халқаро Миграция Ташкилотининг 2016 йилги қўшма расмий баёнотида эса 2015 йил сентябридан бери, шарқий Ўрта ер денгизида 340 дан ортиқ бола чўкиб ҳалок бўлгани қайд этилди.

ЎҚ ТЎХТАТА ОЛМАГАН ОВОЗ

Дунёни ларзага солган тақдирлар фақат урушдан қочиб ҳалок бўлган болалар билан тугамайди. Баъзан бир инсоннинг ҳаётига қилинган тажовуз миллионлаб одамларнинг таълим олиш, эркин яшаш ва ўз келажагини танлаш ҳуқуқи ҳақида саволларни ўртага чиқаради. Малала Юсуфзай ана шундай инсонлардан бири.

1997 йил 12 июль куни Покистоннинг Сват водийсида туғилган Малала болалигидан мактабга боришни, билим олишни яхши кўрарди. Унинг отаси Зиауддин Юсуфзай ўқитувчи бўлиб, қизининг таълим олишини ва ўз фикрини эркин ифода этишини қўллаб-қувватларди. Аммо Малала улғаяётган ҳудудда вазият кескин ўзгараётган эди. Толибон таъсири кучайиб, қизларнинг мактабга боришига қарши чекловлар жорий этила бошланди. Мактаблар ёпилди, айримлари вайрон қилинди. Қизларнинг билим олишини истамаган кучлар уларнинг келажагини ҳам чеклашга уринди.

Малала эса бу вазиятга жим қараб туролмади. 2009 йилда, ҳали 11 ёшида, у BBC’нинг урду хизматига “Гул Макаи” тахаллуси билан кундалик ёза бошлади. Унда Толибон ҳукмронлиги остидаги ҳаёт, мактабга бориш истаги ва қизлар дуч келаётган қўрқув ҳақида ҳикоя қилди. Дастлаб унинг исми оммага маълум эмасди. Аммо ёзувлари орқали у қизларнинг таълим олиш ҳуқуқи учун курашаётган овозга айланди. Бу овоз тобора кўпроқ одамлар эътиборини тортди. Малала интервьюлар бера бошлади, қизларнинг таълим олиши ҳақида очиқ гапирди. Бироқ унинг фаоллиги ўзи учун хавф туғдирди.

2012 йил 9 октябрь куни Малала мактабдан автобусда уйига қайтаётган эди. Қуролланган киши автобусни тўхтатиб, йўловчилардан Малалани сўради. Уни топгач, қизга қарата ўқ узди. Ўқ Малаланинг бош қисмидан кириб, бўйин соҳаси орқали ўтиб, елкасига бориб жойлашди. Ҳужум вақтида унинг икки синфдоши Каинат Риаз ва Шазиа Рамзан ҳам яраланди.

Каинат кейинчалик берган интервьюсида ўша лаҳзаларни эслади:
“Мактабдан қайтаётганимизда қуролланган киши пайдо бўлди. Ва Малалани отди. Малала йиқилиб, қон йўқотганди, биз унинг тирик қолишидан хавотирда эдик. Малала шифохонага етказилди. Дастлаб Покистонда даволанди, кейин эса аҳволи оғирлиги сабабли Буюк Британиянинг Бирмингем шаҳрига олиб кетилди. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бир неча мураккаб операция ўтказди”.

Ҳужум Малаланинг ҳаётини тубдан ўзгартирди. Аммо уни жим қилишга қаратилган зўравонлик аксинча, унинг овозини бутун дунёга эшиттирди.
Малала соғлиғини тиклаб, таълим олиш ҳуқуқи учун курашини давом эттирди. 2013 йил 12 июль куни, 16 ёшга тўлган кунида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида нутқ сўзлади:

“Азиз дўстлар, менга ўқ узишди улар дўстларимни ҳам отишди. Улар ўқ бизни жим қилиб қўяди, деб ўйлашди. Аммо улар адашдилар. Ва ўша сукунатдан минглаб овозлар пайдо бўлди. Террорчилар менинг мақсадларимни ўзгартириб, орзуларимни тўхтатади, деб ўйлашди. Аммо ҳаётимда бундан бошқа ҳеч нарса ўзгармади: заифлик, қўрқув ва умидсизлик ўлди. Куч, қудрат ва жасорат туғилди. Мен ўша Малаламан. Мақсадларим ўша-ўша. Умидларим ва орзуларим ҳам ўша-ўша. Азиз опа-сингиллар ва биродарлар, мен ҳеч кимга қарши эмасман. Мен бу ерга Толибонга ёки бошқа бир террорчи гуруҳга қарши шахсий қасос олиш учун гапиришга келганим йўқ. Мен бу ерга ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқи учун гапиришга келдим”.

Малаланинг “Бир бола, бир ўқитувчи, бир китоб ва бир қалам дунёни ўзгартириши мумкин”, деган сўзлари дунё бўйлаб тарқалди.
Унинг кураши энди фақат Покистон билан чекланиб қолмади. У турли мамлакатларда таълимдан маҳрум бўлаётган қизлар ҳақида гапирди, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришди. 2013 йилда отаси билан бирга “Малала” жамғармасини ташкил этди. Ташкилот қизларнинг сифатли таълим олиши учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилган. 2014 йилда эса Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлди. Ўша пайтда Малала 17 ёшда эди ва тарихдаги энг ёш Нобель мукофоти лауреатига айланди.

Мукофот унинг фаолиятидаги муҳим босқич бўлди, аммо Малала учун бу якун эмасди. У ўқишни давом эттириб, 2020 йилда Оксфорд университетини тамомлади. Шу билан бирга, қизларнинг таълим олиш ҳуқуқи учун халқаро миқёсда фаолият юритишда давом этди. 

ИЛТИМОС, МЕНИ  ҚУТҚАРИНГ…

2023 йил октябрида Исроил ва Ҳамас ўртасидаги уруш бошланганидан кейин Ғазода тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳаёти катта хавф остида қолди. Оилалар доимий бомбардимонлардан қочиб, хавфсизроқ жой излашга мажбур бўлди. Аммо кўчиб ўтиш ҳам ҳар доим хавфсизликни англатмасди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мустақил халқаро тергов комиссияси Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар ва тинч аҳоли қурбонлари бўйича кўплаб далилларни ўрганди. Комиссия ўз текширувларида гувоҳлар билан суҳбатлар, фото ва видеолар, сунъий йўлдош тасвирлари ҳамда бошқа материаллардан фойдаланган.

Ўша мудҳиш кунларда яъни 2024 йил бошида 6 ёшли фаластинлик қизалоқ Ҳинд Ражаб ҳам ўз қариндошлари билан бирга Ғазо шаҳрининг Тел ал-Ҳава ҳудудидан чиқиб кетишга уринаётган эди. Бироқ улар ўтирган машина ўққа тутилди. Отишма вақтида Ҳинднинг 15 ёшли амакиваччаси Лаян Ҳамада Фаластин Қизил ярим ой жамиятининг фавқулодда ёрдам хизматига қўнғироқ қилиб, машинага ўқ узилгани ва оила аъзолари ҳалок бўлганини айтган.

Қўнғироқ ёзувида ўқ овозлари аниқ эшитилган, кейин эса Лаяннинг овози узилади. Лаян ва машинадагилар ҳалок бўлгач, 6 ёшли Ҳинд машинада ёлғиз ўзи 3 соатдан ортиқ Қизил ярим ой жамияти диспетчерлари билан телефонда гаплашади. У қўрққанидан йиғлаб, ёрдам беришларини, ёнига одам юборишларини тинимсиз ўтиниб сўраган. Қутқарув марказидаги ходимлар Ҳиндни тинчлантиришга ва унга имкон қадар ёрдам юборишга ҳаракат қилишди. Диспетчер Рана Фақиҳ кейинчалик берган интервьюсида ўша кунни ҳануз унутолмаслигини айтган. 

“Ўша кунни яхши эслайман. Умар қўнғироқларни қабул қилаётган эди. Ҳинднинг қариндошларидан телефон қўнғироғи ва хабар келди. Умар Лаян билан суҳбатлашди. У бизга ўқ узишяпти, деб айтганида тўсатдан узлуксиз отишма бошланди ва шу ерда алоқа узилди. Умар яна қўнғироқ қилди, бу сафар Ҳинд жавоб берди. Бу ерда Умар у билан гаплашганида бу овоз бироз ёшроқ эканини сезди. У кимлигини сўраганида, қизалоқ: “Мен Ҳаннудман”, деб жавоб берди, Ҳинд эмас. Чунки уни эркалаб Ҳаннуд деб чақиришарди. У ундан: “Мендан олдин гаплашган қиз қаерда?” деб сўради. У эса: “У вафот этди, отиб ташланди”, деб жавоб берди. Афсуски, Умар бу ерда ўзини йўқотиб қўйди. На жавоб бера олди, на савол сўрай олди, ҳатто биз билан ҳам гаплаша олмади. Мен телефонни олдим ва у билан гаплаша бошладим. Унга: “Менинг исмим Рана, сенинг исминг нима?” дедим. У: “Ҳинд”, деб жавоб берди. Бутун суҳбат давомида, ўқ овозлари, танкларнинг ҳаракатланиши эшитилиб турарди. Биз ҳатто дроннинг ғувуллашини ҳам эшитардик. Мен у билан гаплаша бошладим, у эса кўп йиғлай бошлади. У энг кўп айтган сўз менимча: “Илтимос, келиб мени олиб кетинг” бўлди. “Илтимос, келиб мени олиб кетинг”, деган сўзлар жуда оғир. Тўғрисини айтсам, ҳозир ҳам кимдир мендан илтимос қилса, ёқтирмайман. Мен у билан гаплашишга ҳаракат қилдим, у мен эшитаётган овозлардан чалғишини хоҳладим”.

Фаластин Қизил ярим ой жамияти Ҳиндни қутқариш учун ҳудудга тез ёрдам машинасини юборган эди, бироқ кўп ўтмай тез ёрдам бригадаси билан ҳам алоқа узилган. Орадан кунлар ўтиб, Исроил қўшинлари ҳудуддан чиққач, фожианинг даҳшатли якуни маълум бўлган. Ҳинд ўтирган машина ҳам, уни қутқаришга отланган икки нафар тез ёрдам ходими бўлган машина ҳам вайрон қилинганди. 

Бу воқеа бутун дунёда катта норозилик ва халқаро мунозараларга сабаб бўлди. 2024 йил июль ойида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил экспертлари Ҳинд, унинг оиласи ва икки тиббиёт ходимининг ўлими ҳарбий жиноят бўлиши мумкинлигини билдириб, ҳолат юзасидан самарали ва мустақил тергов ўтказишга чақирди. Экспертлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг суд-экспертиза таҳлиллари машинанинг ҳарбий техника кўриш масофасида бўлганини ва унга яқин масофадан ўқ узилганини тасдиқловчи далиллар борлигини кўрсатди. Шунингдек, улар Исроил кучлари ўша ҳудудда бўлмагани ҳақидаги дастлабки баёнотлар билан мавжуд ҳақиқий далиллар ўртасидаги кескин тафовутни қайд этишди.

Ҳинднинг онаси Весам Ҳамада Amnesty International ва бошқа халқаро ташкилотларга берган интервьюсида қизининг овозини одамлар унутмаслигини исташини айтди. У Ҳинднинг ҳикояси фақат бир оиланинг шахсий фожиаси бўлиб қолмаслиги, Ғазодаги барча болаларнинг тақдири эътибордан четда қолмаслиги кераклигини таъкидлади. 

Ҳинд Ражабнинг тақдири кейинчалик кино ижодкорларининг ҳам эътиборини тортди. Тунислик режиссёр Каусер бен Ҳания унинг ҳикояси асосида “The Voice of Hind Rajab” фильмини суратга олди. Фильмда Ҳинднинг қутқарув хизмати билан бўлган ҳақиқий қўнғироқлари аудиоёзув сифатида ишлатилган, қолган саҳналар эса актёрлар иштирокида қайта яратилган. Режиссёр Associated Press’га берган интервьюсида Ҳинднинг овозини эшитгач, бу ҳикояни бошқаларга етказиш зарурлигини ҳис қилганини айтган. Фильм 2025 йилда Венеция кинофестивалида намойиш этилди ва кейинчалик халқаро миқёсда кенг эътибор қозонди.  

УРУШ СОЯСИДА ҚОЛГАН БОЛАЛИК

2022 йил 14 июль. Украинанинг марказий қисмидаги Винница шаҳри. Тинч кунларнинг бирида 4 ёшли Лиза Дмитриева онаси Ирина билан логопед машғулотидан қайтаётган эди. Даун синдроми бўлган Лиза ўзининг кичик дунёсида яшар, нутқ терапевтига қатнаб, дунёни ўрганишга интилаётган оддий бола эди. Ўша куни тушдан кейин Россия қуролли кучлари Қора денгиздаги сувости кемаларидан Винница шаҳрининг марказига “Калибр” ракеталари билан зарба берди. Ракеталардан бири гавжум шаҳар марказига, тиббиёт маркази ва маданият уйи яқинига келиб тушди. Ҳужум оқибатида Лиза воқеа жойида ҳалок бўлди, унинг онаси Ирина эса оғир жароҳат олди. 

Украина расмийлари ва фавқулодда вазиятлар хизматининг маълумотларига кўра, мазкур ракета зарбаси оқибатида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, юзлаб кишилар тан жароҳати олган. Қурбонлар орасида Лизадан ташқари яна икки нафар бола ҳам бор эди. БМТнинг расмий маълумотларига кўра, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Винницадаги бу ўта даҳшатли ракета ҳужумидан “қаттиқ шокка тушганини” билдириб, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаларига қилинган ҳужумларни кескин қоралаган ҳамда айбдорлар жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлаган. Лиза ҳақидаги хабар ва тасвирлар бир неча соат ичида бутун дунёга тарқалди. Фожиадан атиги бир соат олдин онаси Ирина ижтимоий тармоқларга қизининг аравачасини итариб кетаётгани акс этган қисқа видеони жойлаган эди. Мудҳиш воқеадан кейинги суратларда эса ўша аравача ёнида қонга беланиб ётган Лизанинг жонсиз танаси акс этган эди.  Халқаро ОАВ ва таҳлилчилар бу фожиани ўз вақтида бутун дунёни ларзага солган қочқин бола Айлан Курдининг фожиали сурати билан қиёсладилар. Айлан денгиз сувлари урушдан қочаётган болаларни қандай ютиб юборганини кўрсатган бўлса, Лиза Дмитриеванинг фожиаси уруш тинч шаҳар кўчаларида ҳам болаликни йўқ қилишини бутун дунёга кўрсатди.

МИЛЛАТЧИЛИК ҚУРБОНИ

Россиядаги миллатчилик ҳаракати қурбони бўлган тожик Қобилжон Алиев билан боғлиқ ҳолат ҳам 2025 йилда жаҳон медиасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Мудҳиш воқеа содир бўлган кунга қайтадиган бўлсак, Қобилжоннинг онаси Нилуфар Сафоева ўша куни фарзандларини мактабга олиб келиб, ўз иш жойига кетган. Тушдан кейин унинг кенжа ўғли Суннатулло онасига телефон қилиб, зудлик билан мактабга келишини талаб қилган. Нилуфар Сафоева мактабга борганидан сўнг ўғлининг вафот этганини ва унинг жасади моргга олиб кетилганини билган.

Онасининг берган маълумотларига кўра, 10 ёшли Қобилжон келажакда яхши касб эгаси бўлишни, ҳалол меҳнат қилиб уй сотиб олишни ва отасининг номини улуғлашни мақсад қилган эди. Фожиадан сўнг онаси Нилуфар Сафоева оғир руҳий ҳолатни бошдан кечирганини ва бошқа жабрланганларга ёрдам беришни исташини билдирган.

Мазкур воқеа икки давлат ўртасидаги дипломатик даражада муҳокама қилинган. 2025 йил 22 декабрда Россия Президенти Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда ушбу ҳодиса юзасидан ҳамдардлик билдириб, воқеа бўйича холис тергов ўтказилишини маълум қилган. Тожикистон ҳукумати эса мазкур иш юзасидан айбдорларни қонуний жавобгарликка тортиш талабини қўйган.

Жиноят содир этилган куннинг ўзидаёқ мактабга пичоқ ва газ баллончаси билан ҳужум қилган 15 ёшли юқори синф ўқувчиси Тимофей воқеа жойида қўлга олинган. Москванинг Тверь туман суди қарори билан вояга етмаган гумонланувчи дастлаб 2 ой муддатга қамоққа олинган ва унга нисбатан қотиллик аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳужумни уюштирган боланинг телефонидаги галереяда ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган.

 Қобилжоннинг жасади эса воқеа содир бўлган йилнинг 18 декабрида Тожикистонга олиб борилган ва отасининг қабри ёнига дафн этилган. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳикоя қилинган тақдирлар ортида турли мамлакатлар, турли воқеалар ва бир-биридан фарқли ҳаётлар бор. Аммо уларнинг ҳар бири дунё эътиборини бир лаҳзага бўлса-да, инсон ҳаётининг нақадар кутилмаган тарзда ўзгариши мумкинлигига қаратди. Бугун бу исмлар янгиликлар сарлавҳаларида, архив кадрлари ва яқинларининг хотираларида яшаяпти. Вақт ўтади, воқеалар янгиланади. Аммо айрим ҳикоялар якунланганидан кейин ҳам одамларни ўйлантиришда давом этади.

Жасмина Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг