Греция НАТО ва ЕИни Туркия билан жиддий можаро хавфидан огоҳлантирди

Олам

image

Греция Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас Европа дипломатияси раҳбари Хосеп Боррель ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергга йўллаган мактубларида Туркия билан жиддий можаро хавфи борлигини маълум қилди.

Дендиас 5 сентябрь куни йўллаган мактубларида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан айтилган “сўнгги шиддатли баёнотлар”га эътибор қаратган. Ташқи ишлар вазири Грециянинг Эгей денгизидаги оролларни эгаллаб олгани ва Туркия раҳбари Греция катта тўлов тўлаши билан таҳдид қилган баёнотларини келтирган.

“Туркия Президентининг бу оммавий баёнотлари ўз-ўзидан далолат беради; уларни қабул қилиб бўлмайди ҳамда Грецияни ва юнон халқини ҳақорат қилади. Уларнинг таҳдид қилувчи табиати ва оҳанги очиқдан-очиқ кўриниб турибди, бу уларнинг мақсадига оид ҳар қандай шубҳаларни, жумладан, мамлакатда бўлиб ўтадиган сайловлар муносабати билан улар фақат ички мақсадларга йўналгани ҳақидаги даъволарни йўққа чиқаради”, деб ёзади Дендиас.

Унинг сўзларига кўра, бошқа юқори мартабали амалдорлар ҳам Туркия Президентининг “фавқулодда тажовузкор оҳанги” ортидан эргашмоқда.

“Бу риторика Эгей ва Ўрта ер денгизининг жануби-шарқий қисмида менинг мамлакатим суверенитетини бузиш ҳолатларининг кескин ўсиши билан уйғунлашади”, дейди Дендиас.

Аввалроқ, Эрдўған Грецияни тарихдан сабоқ олишган чақирганди. У 1922 йилда Грециянинг сўнгги таянчи – Эгей денгизи соҳилидаги Измир шаҳрининг қўлга киритилиши ва Греция қўшинларининг Туркия ҳудудидан чиқариб юборилиши билан юнон-турк уруши якунланганини эслатиб ўтган.

НАТО блокидаги икки қўшни ва иттифоқчи Туркия ва Греция ўртасидаги муносабатлар 23 августдан сўнг кескинлашди. Анқарага кўра, Туркиянинг F-16 самолётлари Эгей денгизи устидаги ҳаво ҳудудида НАТО топшириқларини бажараётган бир пайтда қирувчи самолётлар Крит оролида жойлаштирилган С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг радарига тушиб қолган. Туркия расмийлари Грециянинг ҳаракатларини провокацион ва душманона деб беҳолаган ва уларни жавобсиз қолдирмасликка ваъда берган.

Туркия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, йил бошидан бери Греция ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Эгей денгизи осмонида турк қирувчиларини 158 марта таъқиб қилган ва Туркия ҳаво ҳудудини 256 марта бузган.

Туркия аллақачон Грециянинг ўз ҳарбий самолётларини таъқиб этиши ва умуман Анқарага нисбатан кескинлик сиёсати масаласини НАТО даражасида кўтариш ниятида эканлигини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия-Греция

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг