АҚШ ва НАТО низолашаётган Туркия ва Грецияга тавсия билан чиқди

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Туркия ва Грецияни ўзаро келишмовчиликларни мулоқот йўли билан ечишга чақирди.

Америка дипломатияси раҳбари Брюсселда НАТО бош қароргоҳида Йенс Столтенберг билан учрашуви якунида расмий Анқара ва Афина муносабатларидаги тарангликка изоҳ берган.

“Ҳар икки томон Қўшма Штатларнинг ҳаётий муҳим иттифоқчиси ва дўсти ҳисобланади. Улар қатор масалаларда турли қарашларга эга. Биз бу қарама-қаршиликлар мулоқот йўли билан конструктив ечилишини хоҳлаймиз. Биз улар муаммони яна шу йўл билан ҳал қилишини кутамиз”, деган Давлат котиби.

Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзолиги ҳақидаги саволга Блинкен Скандинавия давлатларининг иттифоққа қабул қилиниши борасида иттифоқчилар ўртасида кенг консенсус мавжудлигини ва унинг фикрича, жараён олдинга силжишини айтди.

Блинкеннинг қўшимча қилишича, энди ҳамма эътиборини Россияга қаратиши керак, чунки бу давлат трансатлантик альянс учун хавф туғдиряпти.

НАТО Бош котиби Столтенберг ҳам Туркия ва Грецияни альянснинг қимматли иттифоқчилари деб атади.

“Ҳар бир давлат НАТО миссиясига ўзига хос тарзда ҳисса қўшади. Албатта, келишмовчиликлар дипломатик йўллар билан ҳал қилиниши керак”, дейди Столтенберг.

Бош котиб, НАТО Туркия ва Греция ўртасида ҳар қандай хавфли вазиятни олдини олиш учун деэскалация механизми яратганини ва у бундан олдин ҳам қўлланилганини эслатган.

Аввалроқ, Эрдўған Грецияни тарихдан сабоқ олишган чақирганди. У 1922 йилда Грециянинг сўнгги таянчи – Эгей денгизи соҳилидаги Измир шаҳрининг қўлга киритилиши ва Греция қўшинларининг Туркия ҳудудидан чиқариб юборилиши билан юнон-турк уруши якунланганини эслатиб ўтган.

Греция Ташқи ишлар вазири эса НАТО ва Европа Иттифоқини Туркия билан жиддий можаро юз беришидан огоҳлантирган. У Туркия расмийларининг баёнотларини юнон халқи учун ҳақорат деб баҳолаган.

НАТО блокидаги икки қўшни ва иттифоқчи Туркия ва Греция ўртасидаги муносабатлар 23 августдан сўнг кескинлашди. Анқарага кўра, Туркиянинг F-16 самолётлари Эгей денгизи устидаги ҳаво ҳудудида НАТО топшириқларини бажараётган бир пайтда қирувчи самолётлар Крит оролида жойлаштирилган С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг радарига тушиб қолган. Туркия расмийлари Грециянинг ҳаракатларини провокацион ва душманона деб беҳолаган ва уларни жавобсиз қолдирмасликка ваъда берган.

Туркия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, йил бошидан бери Греция ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Эгей денгизи осмонида турк қирувчиларини 158 марта таъқиб қилган ва Туркия ҳаво ҳудудини 256 марта бузган.

Туркия аллақачон Грециянинг ўз ҳарбий самолётларини таъқиб этиши ва умуман Анқарага нисбатан кескинлик сиёсати масаласини НАТО даражасида кўтариш ниятида эканлигини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия-Греция

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг